Спорт | 22:27 / 29.01.2021
4028
2 дақиқада ўқилади

МБАнинг энг кўп пул топадиган баскетболчилари рейтинги эълон қилинди

МБАда ойлик маош миқдори охирги 30 йил ичида ўн бараварга ошди ва ўтган мавсумда (пандемияга қадар) бир ўйинчига ўртача 9,5 млн долларга тўғри келди.

Леброн Жеймс / Фото: Getty Images

Forbes МБА 2020/21 мавсумининг энг кўп даромад топадиган баскетболчилари рейтингини эълон қилди. Ўтган мавсумдаги етакчилар бешлиги бу мавсумда ҳам ўзгармади.

Леброн Жеймс кетма-кет еттинчи йил МБАнинг энг кўп пул ишлайдиган ўйинчиси бўлиб қолмоқда. У 95,4 млн доллар даромадга эга бўлиши кутилмоқда. Баскетболчи реклама ва бошқа лойиҳалардан 64 млн доллар атрофида пул топади. 

Иккинчи ўринга 74,4 млн доллар даромад билан Стефен Карри жойлашди, бундан 40 млн долларни ҳомийлик шартномалари ва бошқа лойиҳалардан олади. 

 Кевин Дюрант 65,2 млн доллар даромад билан яна учинчи ўринни эгаллади. Тўртинчи ўриндан даромади 58,1 млн доллар бўлиши кутилаётган Расселл Уэстбрук, 5-ўриндан эса 50 млн доллар даромад билан Жеймс Харден жой олди.

 Ушбу мавсумда пандемия сабабли МБАда ойлик маошлар 20 фоизга қисқарди, аммо ташқаридаги шартномалар туфайли баскетбол юлдузлари дунёнинг энг кўп пул топадиган спортчилари бўлиб қолмоқда.  

 МБАда ойлик маош миқдори охирги 30 йил ичида ўн бараварга ошди ва ўтган мавсумда (пандемияга қадар) бир ўйинчига ўртача 9,5 млн долларга тўғри келди. Бу бейсболчиларнинг ўртача маошидан икки ва футболчилар маошидан уч бараварга кўпдир.

 Ушбу мавсумда МБАнинг 44 нафар ўйинчиси камида 25 млн доллардан маош олиши керак эди, аммо маошлар қисқаргани сабабли улар 34 нафар қолди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид