Ўзбекистон | 20:52 / 29.01.2021
11995
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда янги қурилган уйлар қай тартибда тақсимлангани маълум қилинди

«Сардоба» сув омборидаги офатдан сўнг қурилган хонадонлардан 2577таси ҳозирга қадар қуръа ташлаш йўли билан тақсимланган. 1–2-қаватлардаги уйлар ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз пенсионерлар ва кекса аъзолари бор оилаларга берилган.

Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Ўлмасжон Мамадаминов «Сардоба» сув омборининг бузилишидан жабр кўрганларга қурилган уйларнинг тақсимланиши юзасидан маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, учта туманда жами 2 640 та хонадонли 86 та кўп қаватли турар жой қурилган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Ишчи гуруҳлар томонидан уй-жойлар тақсимланишида биринчи навбатда ҳужжатларида муаммоси бўлмагани учун 1 430 та хонадон эгаларига тўғридан тўғри берилди. Сабаби уларнинг ҳақиқатдан ҳам уйлари бузилгани, улар аввалдан шу ерда яшагани инобатга олинди.

Тақсимлашда фуқаролар аввал қандай яшаган бўлишса, рўйхат тузилиб, бир-бирини танийдиган ҳолатда, кўча ёки қишлоқлар бўйича битта кўп қаватли уйга жойлаштирилди. Ўша уйда 40 хонадон бўлса, шу хонадонларнинг эгалари битта залга йиғилиб, квартираларни бўлиш тартиби тушунтирилди.

Уйларни бўлиш фуқароларнинг ўзларига ҳавола этилди. 1- ва 2-қаватларга биринчи навбатда ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз пенсионерлар, қарамоғида ёши катта инсонлар бўлган оилалар жойлаштирилди», – дейди Ўлмасжон Мамадаминов.

Маълум қилинишича, айни пайтгача жами 2 577 та хонадон қуръа ташлаш йўли билан эгаларига топширилган. Туманлар сектор раҳбарлари ва профилактика инспекторларига 15 та хонадон хизмат уйлари сифатида ажратилган.

Уйларни аҳолига адолатли тақсимлаш учун жамоатчилик, депутатлар ва фаоллардан иборат 3та гуруҳ тузилган. Бу гуруҳга маҳалла вазири Раҳматжон Маматов раҳбарлик қилган.

Мавзуга оид