Жаҳон | 19:20 / 31.01.2021
17341
2 дақиқада ўқилади

Тихановская Нобель мукофотига номзодликка илгари сурилди

Литва президенти Гитанас Науседа 2020 йилда Беларусда ўтган президент сайловларида номзод бўлган Светлана Тихановскаяни тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзодликка илгари сурди. 

Светлана Тихановская /Фото: AP

Тихановская ушбу ташаббус учун Науседага миннатдорлик билдирган ва у билан бирга бу мукофотни олишга бутун Беларус халқи илгари сурилишини қўшимча қилган. У твиттердаги саҳифасида бу ташаббусни “Беларус билан бирдамликнинг буюк ифодаси” деб атаган. 

Тихановская Беларусда 2020 йил августда ўтган президент сайловларида амалдаги президент Александр Лукашенкога рақобатчи бўлган ва 10 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб, 2-ўринни эгаллаган. Сайловлардан кейин Беларусда унинг натижаларига қарши норозилик намойишлари авж олган.

Европа иттифоқининг бир қатор давлатлари Тихановскаяни Беларус мухолифатининг етакчиси деб тан олади.

AFP ахборот агентлигининг маълум қилишича, Нобель мукофотига Беларус мухолифатининг барча етакчилари – Тихановская, Мария Колесникова ва Вероника Цепкало номзодликка илгари сурилган.

Аввалроқ Тихановская ва Беларус мухолифатининг бир қатор бошқа вакилларига Европа парламентининг “Фикр эркинлиги учун” деб номланган мукофоти берилган.

2021 йилда тинчлик бўйича Нобель мукофотини олишга Black Lives Matter (Қора танлилар ҳаёти муҳим) ҳаракати ҳам даъвогарлик қилмоқда.

Тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзодларни илгари суриш бўйича аризалар январь охиригича қабул қилинади. Сўнгра мукофот ташкилий қўмитаси ушбу мукофотга даъвогарларнинг қисқа рўйхатини маълум қилади. Ушбу мукофот эгаси эса ноябрда маълум бўлади. 2020 йилда ушбу мукофотга БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури сазовор бўлганди.

Мавзуга оид