Ўзбекистон | 11:53 / 01.02.2021
27396
1 дақиқада ўқилади

Экологик партия раиси яна ўзгарди

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нарзулло Обломуродов Ўзбекистон Экологик партиясининг янги раиси этиб сайланди.

Нарзулло Наимович Обломурадов Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг янги раиси этиб сайланди. Партия матбуот хизмати бу маълумотни Kun.uz’га тасдиқлади.

У янги лавозимда Комилжон Тожибоев ўрнини эгаллади. Кўп йиллар давомида Экологик партия етакчиси бўлган Борий Алихонов 2020 йилнинг ноябрида Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасига раис бўлиб кетгач, Тожибоев унинг ўрнига партияга раис бўлганди.

Нарзулло Обломурадов 2020 йил апрелидан буён Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган. Муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими сифатида ишлаган Обломурадов 2019 йилнинг августида «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.

Мавзуга оид