Жаҳон | 12:41 / 02.02.2021
12591
7 дақиқада ўқилади

Вакцина можароси. Евроиттифоқ ва AstraZeneca ўртасида зиддият пайдо бўлди

Евроиттифоқ AstraZeneca компаниясига буюртма берган коронавирус вакцинасини тўлиғича ололмаяпти. Нега бундай бўляпти, воқеаларга Буюк Британиянинг нима дахли бор ва Евроиттифоқ энди нима қилади?

Фото: EPA/Vostock-photo

Шундай бўлган тақдирда бу препарат Евроиттифоқ рухсат берган Covid-19’га қарши учинчи вакцина бўлади. Шунга қарамай, Евроиттифоқ оммавий эмлаш темпи бўйича дунёнинг бошқа давлатларидан анча ортда қолмоқда. Еврокомиссия ва AstraZeneca ўртасида эса жиддий зиддият келиб чиқди.

Расмий Брюссель ва AstraZeneca ўртасидаги келишмовчиликнинг моҳияти нимада?

2020 йилнинг августида имзоланган шартномага кўра, Евроиттифоқ компаниядан 400 миллион дозада вакцина олиши керак. ЕИ вакилининг айтишича, AstraZeneca келишув доирасида 336 миллион евро бўнак олган.

Бироқ жорий йилнинг 22 январида кутилмаганда AstraZeneca ишлаб чиқариш қувватлари етишмовчилиги боис март охиригача келишилган ҳажмда вакцина етказиб беролмаслигини маълум қилди. 2021 йилнинг илк чорагида фармкомпания Евроиттифоққа 31 миллион дозадан ортиғини етказиб беролмайди. Бу эса режалаштирилгандан 60 фоизга камроқ.

AstraZeneca бош директори Паскаль Суаро кечикишлар Бельгия ва Нидерландиядаги заводларда юзага келган техник масалалар билан боғлиқлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, компания ўзига боғлиқ бўлган барча муаммоларни ҳал қилиш ҳаракатида, лекин бунга вақт керак.

AstraZeneca дастлаб Буюк Британия эҳтиёжларини қондирадими?

Воқеаларнинг бундай ривожи Брюсселнинг жиддий норозилигига сабаб бўлди.

«Янги режа бизни қониқтирмайди. ЕИ вакцина тадқиқотлари ва ишлаб чиқаришини молиялаштирди ва бундан наф кўришни истайди», дея баёнот берган ЕИнинг соғлиқни сақлаш ишлари бўйича комиссари Стелла Кириакидес ва AstraZeneca’дан шартномада кўрсатилган талабларни тўла бажаришни талаб қилган.

AstraZeneca Евроиттифоққа зарур миқдордаги вакцина етказиб бера олмасдан, Буюк Британияга аталган вакцина партиясини камайтирмоқчи эмас. Евроиттифоқда уларга етказиб берилиши керак бўлган вакциналарнинг бир қисми Буюк Британия ва Евроиттифоққа кирмайдиган бошқа давлатларга етказилиши оқсашнинг асосий сабабларидан бири, деган гумон тобора урчиб бормоқда.

Паскал Сорит эса, ўз навбатида, компанияга тиркалаётган бу каби айбловларни рад этди. AstraZeneca раҳбари ОАВга берган интервьюсида Евроиттифоқ билан тузилган шартномада на дозалар адади, на етказиб бериш графиги кўрсатилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Евроиттифоқ билан шартнома Буюк Британия билан келишувдан 3 ой ўтиб имзоланган. Бу давр мобайнида компания муаммоларни бартараф этиб улгурган. Шунинг учун Британияга вакцина етказиш анча равон узилишларсиз давом этмоқда.

AstraZeneca ўз вакцинасини «қанақадир фойда учун» сотаётгани йўқ. Бу вакцинадан фойда қилинаётгани йўқ ва Европага адолат билан муносабатда бўлиняпти», деган у.

Евроиттифоқ: AstraZenecaнинг далиллари ишончли эмас

Еврокомиссия компаниядан шартнома шартларини бажаришни талаб қилишда давом этмоқда. Ҳатто натижада AstraZeneca Буюк Британияга аввалги ҳажмда вакцина етказиб бера олмай қолса ҳам.

«Шартномаларда алоҳида давлатларга биринчи бўлиб етказиб бериш деган банд йўқ. AstraZeneca вакциналарни Буюк Британиядаги иккита ва Евроиттифоқда ҳам икки заводда ишлаб чиқармоқда», деган еврокомиссар Кириакидес.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда қайси заводда ишлаб чиқарилган вакцина қайси давлатга етказилиши кўрсатилмаган. Европарламент депутати Петер Лизе ҳам компаниянинг аргументлари ишончга сазовор эмаслигини айтиб ўтди. Ахир вакцинани Буюк Британиядан Европа қитъаси бўйлаб исталган давлатга муаммосиз етказиш мумкин.

Вакцина экспорти назорат қилинадими?

Ундан ташқари, Еврокомиссия вакцина экспортини билвосита назорат қила бошлаши мумкин. ЕИнинг режаларига кўра, фармкомпаниялар ўзлари ишлаб чиқарган вакциналар экспорти ҳақида Брюсселни анча аввал огоҳлантириб қўйишлари лозим бўлади.

Бу эса ўз навбатида, Евроиттифоқ ва компаниянинг бошқа мижозлари, айтайлик, Буюк Британия ва АҚШ ўртасида сиёсий зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин. Стелла Кириакидес Евроиттифоқ вакциналар экспортини тақиқлаш эмас, балки кўпроқ шаффофликка эришишни истаётганини алоҳида таъкидлаган.

Устига устак, Германиянинг вакцинация бўйича мунтазам комиссияси (Stiko) 28 январда AstraZeneca вакцинаси бўйича хулосасини тақдим қилди. Турдош вакциналар бўлмиш Biontech/Pfizer ва Moderna’дан фарқли ўлароқ, AstraZeneca вакцинасини фақат 18-64 ёш оралиғидаги одамларга қўллаш мумкин экани айтилди. Бунга 64 ёшдан катталарга вакцинанинг самарадорлиги ҳақида маълумотлар етарли эмаслиги сабаб бўлган.  

Евроиттифоқда эмлаш акцияси бир жойда туриб қолди

Бироқ AstraZeneca билан муаммоларни айтмаганда ҳам, Евроиттифоқда фуқароларни эмлаш темпи ҳамон сустлигича қолмоқда. Исроил, АҚШ ва Буюк Британияда бу жараён анча тез кетяпти. Умумий ҳисобда, Евроиттифоқ 8 фармкомпания билан 2,3 миллиард доза вакцина сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган. Ҳозирги кунда Евроиттифоққа фақат BioNTech/Pfizer вакциналари етказиб берилмоқда, холос.

Испанияда препарат етишмовчилиги туфайли эмлаш акцияси икки ҳафтага тўхтатиб турилиши эълон қилинди. Германияда кўплаб вакцинация марказлари ишга тушгани ҳам йўқ. 80 ёшдан катталар ва тиббиёт ходимларини эмлаш эса, кутилганидан кўпроқ вақт оляпти.

Евроиттифоқнинг 27 давлатида истиқомат қилувчи 27 аъзо-мамлакатларнинг 450 миллион аҳолисидан атиги 8,4 миллиони эмланди. Жорий темп сақланиб қолса, Европанинг барча аҳолисини эмлашга икки йил вақт кетади.

AstraZeneca эртароқ ва кўпроқ вакцина етказиб беради

AstraZenecа компанияси мартгача Евроиттифоққа қўшимча 9 миллион вакцина етказиб беради. Ундан ташқари вакцинани етказиб бериш режалаштирилганидан бир ҳафта аввалроқ бошланиши кутилмоқда. Брюссель фармкомпанияни шартномани бажармасликда айблашни бошлаши ортидан келиб чиққан можародан кейин шу қарорга келинди.

Шундай қилиб, можаро ҳозирча сулҳ билан тугади. Лекин Еврокомиссия вакцина ишлаб чиқарувчи шартномаларга қай даражада амал қилаётгани қаттиқ кузатувга олинишини ва қайси ҳолларда Евроиттифоқдан вакцина экспорти тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини маълум қилди. Бунгача европалик кўплаб сиёсатчилар вакцина ишлаб чиқарувчи компаниялар ва бой давлатларни танқид қилиб келишаётган эди.

Айни дамда Австрия ва Германия каби давлатлар Катта Европа доирасидаги ўзаро кўмак ҳали амалда эканини баён қилишди. Расмий Вена Португалиядан коронавирус беморларини қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди. Германия эса, Лиссабонга ҳарбий врачлар отрядини жўнатади. Португалияда касалхоналар тўлиб-тошиб кетган, ҳукумат мамлакатдаги вазиятни «жуда оғир» деб баҳолаган.

Касалланганларни чегарадан олиб ўтиш схемаси ўтган йили баҳорда рўй берган коронавируснинг биринчи тўлқини давридаёқ ишлаб чиқилган. Ўшанда мамлакатларнинг тиббиёт тизими пандемияга тайёр эмаслиги кўриниб қолганди. Пайшанба куни Португалияда коронавирусдан ҳалок бўлганлар сонининг кунлик кўрсаткичи 300 кишидан ошиб кетди – бу пандемия бошланганидан бери антирекорд.

Португалия ўтган ҳафта ўз чегараларини ёпди. Бир неча давлатлар тарихий ришталар туфайли яқин бўлган Бразилияда коронавируснинг янги штамми аниқланганидан сўнг Португалия билан чегараларни эртароқ ёпганди.

Мавзуга оид