Жаҳон | 09:32 / 03.02.2021
7788
2 дақиқада ўқилади

Nike қўл ёрдамисиз кийиш мумкин бўлган илк кроссовкаларни тақдим этди

АҚШнинг Nike бренди қўл ёрдамисиз кийиш мумкин бўлган биринчи кроссовкаларни тақдим этди.

Компанияда таъкидланишича, Gо FlyEase номли кроссовкалар жисмоний имконияти чекланган одамлар учун жуда асқатади ва пандемия даврида сиртларга қўл билан тегишни минималлаштириш соғлиқни сақлашдаги муҳим жиҳатга айланган бир вақтда долзарб бўлади. 

Nike спорт пойабзали уни ўртасидан икки қисмга бўлувчи ва оёқлар кириши учун кўпроқ жой ҳосил қилувчи шарнир механизм билан жиҳозланган. Кроссовкалар ечилганда унинг олд қисми юқорига кўтарилиб, орқа қисми эса пастга тушади. Пойабзални кийиш учун унинг ичига оёқни тиқиб, товонга босиш етарлилик қилади.

Эътиборлиси, Go FlyEase’нинг боғичи бўлмай, унинг ўрнига тагчарм атрофида жойлашган резинка қўлланади. У оёқни пойабзалда мустаҳкам ушлашга ёрдам беради.

Кроссовкани ишлаб чиққан мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳаммаси оддий бўлиб, спорт пойабзалига кўникиш узоқ вақт талаб қилмайди.

Кроссовка 120 доллар нархдан 15 февралдан чекланган миқдорда, 2021 йил охирида эса кенг сотувга чиқарилади.

Мавзуга оид