Ўзбекистон | 08:47 / 04.02.2021
3786
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёда тиббиёт кластери ва хорижий ОТМнинг филиали ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Сирдарё вилоятида “Гулистон тиббиёт кластери” ҳамда хорижий тиббиёт олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасининг асосий мақсади – Сирдарё вилоятида қуйидагилардан иборат бўлган замонавий “Гулистон тиббиёт кластери”ни ташкил этиш:

  • бир қатор вилоят даражасидаги тиббиёт муассасалари негизида ташкил қилинадиган замонавий кўп тармоқли тиббиёт маркази;
  • Гулистон тиббиёт коллежи биноси негизида ташкил этиладиган давлат тиббиёт олийгоҳи филиали.

Қарор лойиҳаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Сирдарё вилоятида “Гулистон тиббиёт кластери”ни яратиш таклифи маъқулланмоқда.

Таркибида бир қатор вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларини бирлаштириш орқали ягона бошқарув тизими ва диагностика-лаборатория хизматига эга бўлган “Гулистон тиббиёт кластери” 2022 йил якунига қадар босқичма-босқич ташкил этилиши белгиланмоқда.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда бош лойиҳачини белгиланган тартибда аниқлаши ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалининг ҳудудларида консультатив-диагностика, поликлиника ва қўшимча даволаш бўлимлари учун тегишли бинони замонавий андозаларга мос тарзда қуришни кўзда тутувчи лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиши белгилаб берилмоқда.

Кластер ҳудудида давлат-хусусий шериклик ёки аутсорсинг асосида замонавий тиббий лаборатория хизматларини ташкил этиш ҳамда шартномада ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул хизмат кўрсатиш мажбурияти белгиланиши режалаштирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Туркиянинг “Сағлиқ билимлери университеси”нинг Гулистон тиббиёт коллежи негизида Туркия Республикасининг “Сағлиқ билимлери университеси” филиалини ташкил этиш ҳамда ташкил этилаётган Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини Филиалнинг клиник базаси сифатида белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланмоқда.

Билдирилишича, қарор лойиҳасини қабул қилиш ва Сирдарё вилоятида “Гулистон тиббиёт кластери”ни ташкил этиш натижасида қуйидагиларга эришилади:

  • аҳолига кўрсатиладиган стационар тиббий ёрдам сифати оширилади;
  • самарасиз фаолият юритаётган бўғинлар қисқартирилади ва бошқарув харажатлари мақбуллаштирилади;
  • ягона диагностика-лаборатория хизматини ташкил қилиш орқали ташхис қўйиш самараси оширилади;
  • малакали тиббиёт мутахассислари тайёрланади, уларнинг салоҳияти ошириб борилади ва илмий малакаси амалиётдан ажралмаган ҳолда кучайтириб борилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид