Ўзбекистон | 16:25 / 09.02.2021
16586
3 дақиқада ўқилади

АҚШдан 30га яқин ўқитувчи Ўзбекистондаги мактабларда ишлаш учун келди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм 9 феврал куни Тошкент шаҳридаги 295-мактабга ташриф буюришди. Ушбу мактабда Ўзбекистондаги таълим муассасаларида дарс бериш учун АҚШдан ташриф буюрган 27 нафар инглиз тили ўқитувчиларини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистонга етиб келиб, карантин муддатини ўтаган гуруҳ коронавирус пандемияси бошлангандан буён Марказий Осиёга ташриф буюрган АҚШ алмашинув иштирокчиларининг илк гуруҳидир.

«Ўзбекистон президенти парламентга қилган мурожаатида чет тилларини ўрганишни бу йилги устувор вазифалардан бири деб таъкидлади. Шу боис, жойларда инглиз тилини ўргатишни янада яхшилашга кўмаклашиши учун биз АҚШдан мутахассисларни таклиф этдик. Бу бизга юқори мақсадларга эга «English speaking Nation» лойиҳамизни амалга оширишда яқиндан ёрдам беради», деди вазир Шерматов.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов

«Сизларни бу ерда кутиб олиб, ушбу маросимни Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда нишонлаётганимиздан бағоятда хурсандман. Сиз икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, инглиз тилини хорижий тил сифатида ўқитиш, илмий тадқиқотлар ва педагогика бўйича мутахассислигингизни ўзбекистонлик ҳамкасблар билан баҳам кўриш учун муҳим сафарга отландингиз.

Ҳар бирингиз мамлакат бўйлаб синфхоналар ва таълим муассасаларида муҳим аҳамиятга молик ишларга пойдевор бўлиб хизмат қиласиз. Инглиз тилида сўзлашувчи мутахассис сифатида сизлар ҳукуматларимизнинг инглиз тилида равон сўзлашувчи битирувчиларни кўпайтириш ва Ўзбекистон ёшларининг таълимга оид ҳамда иқтисодий имкониятларни кенгайтириш учун биргаликда мақсадларимизга катта ҳисса қўшасиз», деди элчи Розенблюм ўз табрик нутқида.

АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм

Ўқитувчиларнинг аксари маҳаллий ўқитувчилар даврасига қўшилиб, синфхоналардаги дарсларда бевосита иштирок этади. Гуруҳдаги етти киши эса «English Speaking Nation» дастури доирасидаги «Мураббий-тренерлар» номли пилот лойиҳада иштирок этади. Уларнинг мақсади Ўзбекистон ўрта мактабларидаги чет тили ўқитувчиларига касбий ривожланиш ва малака оширишда амалий ёрдам беришдан иборат. Ушбу дастурни АҚШ элчихонаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими гранти асосида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Америка кенгашлари амалга оширади.

Мазкур мутахассислар Тошкент, Қашқадарё, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Жиззах, Навоий вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бориши режалаштирилган.

295-мактабга ташриф мобайнида АҚШ элчиси дарс жараёнларини бевосита кузатди ҳамда ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбат қурди. Сўнгра фаоллар залида элчи Навоий ғазалларидан парча ўқиб берди. Шунингдек, мактабнинг фаол ўқувчилари Навоийнинг шеъриятидан ўқиб чиқиш қилдилар.

Учрашув якунида элчи Дэниел Розенблюм оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берди.

Мавзуга оид