Ўзбекистон | 10:57 / 09.02.2021
5624
2 дақиқада ўқилади

“Судочье-Акпетки” давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди

Ўзининг ноёб табиати, хусусан рангдор фламинголари билан машҳур Судочье кўли ҳудуди янги мақомга эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги ПҚ-4247-сон қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида умумий майдони 280 507 гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги “Судочье-Акпетки” давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди.

Буюртма қўриқхонасининг асосий мақсади қирғоқ ландшафтлари, каналлар, коллекторлар ва улардаги сув оқими, сув атрофида яшовчи қушлар, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган балиқлар, йиртқич қушлар ва сут эмизувчи ҳайвонларни сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта кўпайтиришдан иборат.

Қарор билан Давлат экология қўмитасига 2021 йил якунига қадар Судочье кўлини халқаро аҳамиятга (Рамсар конвенцияси) эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилди.

 2019 йилда “Судочье-Акпетки” кластер буюртма қўриқхонаси ташкил қилиниши ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилганди.

Мавзуга оид