Иқтисодиёт | 13:36 / 10.02.2021
5410
3 дақиқада ўқилади

ЭИЗ иштирокчиси имтиёзларини сақлаб, судда ютди

Ўзбекистонда 23та ЭИЗ фаолият юритиб, 2020 йилдаги саноат маҳсулотларининг умумий ҳажми деярли 9 триллион сўмни ташкил этди, бу эса мамлакат ишлаб чиқариш ҳажмининг 3 фоиздан ортиғини ташкил этади.

Бизнес-омбудсман томонидан «Sofitel» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона манфаатида Чилонзор туман маъмурий судига даъво аризаси киритилди.

Бизнес-омбудсман  матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, суд жараёнида, «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКнинг мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли «Sofitel» МЧЖ эркин иқтисодий зона иштирокчиси сифатида божхона имтиёзларидан тўлиқ фойдаланилмаганлигига аҳамият қаратилди.

Масала нимадан бошланган?

Ўзбекистон қонунчилигида эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзлари белгиланган. Шу билан бирга, махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари экспорт қилинадиган ва импорт қилинадиган товарлар учун ўзига қулай бўлган шарт-шароитлардан, тўлов шаклларидан ва ҳисоб-китоблардан фойдаланишга ҳақлидир. Берилган имтиёзларни қўллаш муддати қандай?

Жиззах эркин иқтисодий зонасида жойлашган «Sofitel» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси божхона тўловларидан имтиёзларни қўллаган ҳолда импорт қилинган товарлар рўйхати «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКга тақдим этилган. Жамият томонидан тақдим этилган товарлар рўйхатидаги 24 та товардан фақатгина 7 тасига ижобий хулоса берилиб, қолган 17 та товар «божхона омбори» режимида олти ойдан кўп бўлганлиги важи билан рўйхатдан чиқариб юборилган. Бунинг оқибатида, жамият томонидан ушбу 17 та товарга нисбатан эркин иқтисодий зона иштирокчисига берилган божхона тўловларидан имтиёзи қўлланилмай қолган.

Юқорида айтилган имтиёзлар киритилган инвестициялар ҳажми  10 миллион АҚШ доллари ва ундан юқори ташкил этган ҳолда 10 йил муддатга берилади.

Бизнес-омбудсман позицияси қандай?

ЭИЗ аъзоси ишлаб чиқариш фаолияти учун импорт қилинган товарларни «божхона омбори» режимида олти ойдан ортиқ вақтга жойлаштириш тадбиркорлик субъектининг фаолияти учун қулай бўлса, у бундай шароитдан унга эркин иқтисодий зона иштирокчиси сифатида берилган барча кафолатлар ва имтиёзлар билан биргаликда фойдаланишга ҳақлидир.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, суд қарори билан мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилди ҳамда тегишли хулосасини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш мажбурияти юклатилди.

Маълумот учун, махсус иқтисодий зона иштирокчиларига берилган солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар бекор қилинишига олиб келиши мумкин бўлган ягона ҳолат – бу юридик шахснинг махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини йўқотиши ҳисобланади. Шу билан бирга, қонунда махсус иқтисодий зона иштирокчиси учун тегишли имтиёзлар ва преференцияларни қўлламасликнинг бошқа ҳолатлари келтирилмаган.

Мавзуга оид