Ўзбекистон | 17:50 / 11.02.2021
16511
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Sputnik V вакцинасини рўйхатдан ўтказишга рухсат берди

Россия Федерацияси томонидан тақдим этилган учинчи босқич клиник синовлари натижалари таҳлили муҳокама қилиниб, бирламчи босқичда сертификатлаштириш ҳамда рўйхатдан ўтказиш жараёнини бошлаш мумкинлиги маъқулланди.

Республика махсус комиссиясининг 11 феврал куни ўтказилган йиғилишида Ўзбекистонда барқарор эпидемиологик вазиятни сақлаб қолиш мақсадида коронавирус инфекциясига қарши эмлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

«Сўнгги вақтларда жаҳонда коронавирус инфекциясининг янги штамми тарқалиши муносабати билан аҳолини эмлаш бўйича чора-тадбирлар сезиларли даражада жадаллашди. Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Исроил, БАА, Хитойда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. 

Шу муносабат билан ўтказилган Республика махсус комиссиясининг йиғилишида мамлакатимизда барқарор эпидемиологик вазиятни сақлаб қолиш мақсадида коронавирус инфекциясига қарши эмлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. 

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиевнинг Ўзбекистон делегациясининг Россия Федерациясининг Sputnik V коронавирус вакцинасини ўрганиш юзасидан ушбу мамлакатга ташрифи натижалари бўйича ҳисоботи эшитилди.

Унда Sputnik V вакцинаси учинчи босқич клиник синовлари якунига етказилгани ҳамда Россия Федерациясида рўйхатдан ўтказилгани, шунингдек, ушбу вакцинани Ўзбекистонда сертификатлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича таклифлар келиб тушгани таъкидланди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Россия Федерацияси томонидан тақдим этилган учинчи босқич клиник синовлари натижалари таҳлили муҳокама қилинган ва бирламчи босқичда сертификатлаштириш ҳамда рўйхатдан ўтказиш жараёнини бошлаш мумкинлиги маъқулланган.

Шу билан бирга, Инновацион ривожланиш ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда Хитойнинг «Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.,Ltd» компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши «ZN2001» вакцинасининг Ўзбекистонда 2020 йил декабр ойидан бошлаб 7 мингдан ортиқ кўнгиллиларда ўтказилаётган учинчи босқич клиник синовлари, шу жумладан, ҳозирги кунга қадар бирорта вакцина қабул қилган кўнгиллида унинг ножўя таъсири кузатилмагани бўйича ахбороти тингланган.

Йиғилишда Санитария-эпидемиология хизматига Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши эмлашни ўтказиш алгоритми ва алоҳида тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилган.

Бунда коронавирус инфекциясига қарши эмлашни фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга ошириш, шунингдек, биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган қуйидаги шахсларни эмлаш назарда тутилади:

  • 65 ёшдан ошган қариялар ва кексалар;
  • сурункали касалликлари бор шахслар; 
  • тиббиёт ходимлари; 
  • мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда олий таълим муассасалари ходимлари;
  • аҳоли билан бевосита мулоқотга киришадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари.

Январ ойида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини тезкор сертификациялаш масаласи устида ишланаётгани ва вакцина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам музокаралар олиб борилаётгани ҳақида маълум қилганди.

10 феврал куни президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор вақтида Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлашни бошлаш зарурлиги ҳақида гапирди.

Мавзуга оид