Жамият | 00:13 / 12.02.2021
14314
2 дақиқада ўқилади

Булунғурда беш киши консервадан заҳарланди, улардан бири вафот этди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида 5 киши уй шароитида тайёрланган консерва (мариновка) истеъмол қилиши оқибатида шифохонага ётқизилди. Улардан бир нафари вафот этди.

Фото: KUN.UZ

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, 7 феврал куни туманнинг Мингтепа маҳалласида яшовчи 2001 йилда туғилган И.Э. тез тиббий ёрдам машинасида туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Тиббий текширувлардан сўнг унга ботулизм ташхиси қўйилган.

Тиббий суриштирув давомида бемор қишлоқдоши А.Т.нинг хонадонида бир кун аввал ҳашарда бўлган ва уй шароитида тайёрланган консерва истеъмол қилган. Тезкор тадбир давомида А.Т., унинг турмуш ўртоғи Г.Т., ўғли Ш.Т ва қўшниси Б.Б.лар шифохонага ётқизилган.

Интенсив даво муолажалари ҳамда ботулизмга қарши зардоб берилишига қарамасдан, 20 ёшли И.Э.нинг аҳволи оғирлашган ва 8 феврал куни тунги соат 03:30да вафот этган.

Айни вақтда қолган беморлар жонлантириш бўлимида стационар шароитда даволанмоқда. Ш.Т.нинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. У сунъий нафас олиш аппарати ёрдамида муолажа олмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида заҳарланишнинг энг хавфли тури бўлмиш ботулизм билан касалланиш мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бошқарма бу касаллик билан оғриган беморларни уй шароитида даволанмасликка чақирди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид