Жаҳон | 12:32 / 14.02.2021
3402
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссар AstraZeneca вакцина заводига ташриф буюрди

Фото: Reuters

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйер ўз вакилини илк бор коронавирус вакцинаси заводига юборди. Тьерри Бретон Бельгия ғарбидаги Thermo Fisher Scientific заводига борди ва AstraZeneca препаратларининг Евроиттифоқ давлатларига етказиб берилиши керак бўлган вакциналар етишмовчилиги сабабини аниқламоқчи бўлди. Шундан кейин ички бозор бўйича комиссар бўлган Бретон «Евроньюс»га берган интервьюсида мавжуд муаммонинг аҳамияти ва кўламини баён қилди.

«Европа тарихида, фикримча, айтиш мумкинки, инсоният тарихида вакцина ишлаб чиқариш саноат даражасида бунчалар тез бошланмаган. Бинобарин, муаммолар кузатилиши табиий ҳол. Бундай кўламда ишлаб чиқариш қилсангиз, сифатни таъминлаш барчасидан муҳимроқ, бу эса, бутун жараённи секинлаштиради. Бироқ бугун кўрганларимдан кейин мақсадларимизга эришамиз деб ишонч билан айта оламан», деди у.

Бретон заводни кўздан кечираркан, AstraZeneca вакиллари Германиянинг вакцина ишлаб чиқарувчи компанияси IDT Biologika билан ҳамкорлик қилишини эълон қилди. Ҳар иккала компания ҳам жорий йилнинг иккинчи чорагида коронавирусга қарши препаратни тезроқ ишлаб чиқариш ва пандемия даврида Европанинг эҳтиёжларини қондириш борасида бош қотиришмоқда. Ички бозор бўйича Еврокомиссар келажак ҳақида ҳам гапириб ўтди.

«18 ой ичида вакцина масаласида мустақил бўла олишимиз мумкинми? Вируснинг штаммлари мутациясини қандай кузата оламиз? Қандай қилиб барчасини ташкиллаштириш мумкин? Аввало нима қилмоқ керак? Вакцинанинг янги штаммларга қарши самарадорлигига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкин?», дея саволлар қўйган у.

Корхонани тарк этаркан, Бретон барча илмий, тижорий ва жамоат ташкилотлари узвий ҳамкорлик қилган тақдирдагина Европа коронавирус хуружига бардош бера олиши мумкинлигини билдирди. «Ана шундагина бир неча йил эмас, ўн ой вақт ичида тайёр бўлган вакцина муваффақиятли қўлланиши мумкин», деди Бретон.

Мавзуга оид