Жамият | 15:51 / 15.02.2021
10349
5 дақиқада ўқилади

Журналистлар ижодий уюшмаси Отабек Сатторий иши бўйича муносабат билдирди

Фото: Отабек Сатторий / Facebook

Журналистлар ижодий уюшмаси товламачиликда айбланиб қўлга олинган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий иши бўйича муносабат билдирди.

«Мана бир неча кундирки, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг қамоққа олиниши билан боғлиқ воқеалар мамлакатимиз медиа муҳити, ижтимоий тармоқлар диққат марказида турибди.

Бу масала бўйича журналистика соҳасига алоқадор бир қатор нуфузли ташкилотлар, депутат ва жамоат арбоблари муносабат билдирди. Муносабатларда бу ишда конституцион ҳақ-ҳуқуқ, ҳақиқат, адолат, сўз эркинлигига ҳурмат ва очиқлик таъминланиши лозимлигига даъват этилди.

Бош қароргоҳи Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси — CPJ (Commitee to Protect Journalists) Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотнинг фикрича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа ташланган. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот «агар товламачиликни исботлайдиган далиллар бўлмаса, мазкур ҳибс воқеаси нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига рахна солувчи яна бир ҳаракатдир», деб ташвиш билдирди.

Бу масалада мавҳумлик ва зиддиятлар кўп. Ички ишлар вазирлиги берган баёнотдан сўнг баҳс-мунозаралар янада авж олди. Бунга айрим саволлар жавобсиз қолаётгани сабабдир.

Хусусан, бозордан танқидий материал тайёрлаётганда юз берган воқеа учун блогернинг «товламачилик»да айблангани (блогернинг ўзи айбловни кескин рад этмоқда) унинг оиласи, фарзандлари, яқинлари олдида бир неча нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан ваҳима ва шов-шув билан олиб кетилиши учун етарлими?

Биз қонун устувор бўлган мамлакатда яшаяпмиз. Қонуний ҳақ-ҳуқуқларимиз билан бирга бурчларимизни ҳам эътироф этамиз. Агар, қонун бузилишига йўл қўйса, жиноят содир этса, ким бўлишидан қатъи назар, у журналист бўладими, блогерми ёки бошқа касб эгасими, албатта, қонунда белгиланган тартибда жавоб бериши шарт. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бу нохуш воқеа бўйича ҳам шундай фикрда», дейилади Журналистлар ижодий уюшмаси муносабатида.

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий январ ойи охирида товламачиликда айбланиб, қамоққа олинган эди. Блогернинг ҳибсга олиниши саҳнаси акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларни келтириб чиқарганди.

Мунозаралар ортидан ИИВ Тергов департаменти блогер Шеробод туманидаги бозор бозорқўмининг аризасига кўра қўлга олингани, у тергов органига Отабек Сатторий билан бўлган сўзлашувларни тақдим қилганини маълум қилганди. Бироқ департаментнинг расмий муносабатида жиноят ишини нима учун Термиз шаҳар ИИБ эмас, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси қўзғатганига ойдинлик киритилмаган.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев воқеа аслида бошқача бўлгани, блогер қўлга олинишидан олдин унга қўнғироқ қилиб маслаҳат сўраганини айтган. Кушербаев мазкур воқеани «сурхондарёлик амалдорларнинг битта блогерга эмас, бутун бошли сўз эркинлигига, президентнинг очиқлик сиёсатига қарши исёни» деб баҳолаган.

Жиноят ишининг қўзғатилиши қонунийлигини ўрганган Бош прокуратура вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланмагани, шунингдек, тергов органига 7та ҳолат бўйича О.Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушганини маълум қилган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов фонд номидан баёнот билан чиқиб, нима учун блогернинг уйида у энг хавфли жиноятчидек тинтув ўтказилгани, суд мажлиси нега ёпиқ тарзда ўтказилганига эътибор қаратган. У Отабек Сатторийнинг қамалиши юзасидан ИИВдан изоҳ талаб қилган.

10 феврал куни мазкур ҳолат юзасидан расман баёнот берган ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ижтимоий тармоқ фаолларидан «давлат идораларининг ҳаракатларини шубҳа остига қўйиш, уларни обрўсизлантиришга қаратилган хабарларни кўпайтириш, масаланинг моҳиятини тушунмасдан туриб оммани чалғитиш»дан тийилишга чақирган ва бу ҳаракат жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Блогернинг адвокати Шавкат Шокиров Gazeta.uz'га берган маълумотга кўра, Отабек Сатторий ўзига қўйилган айбловларни мутлақо тан олмаслигини билдирган. Адвокатнинг сўзларига кўра, тергов органи ҳалигача унинг айбини тасдиқлайдиган ҳеч қандай далилни тақдим этмаган.

Мавзуга оид