Фан-техника | 16:00 / 15.02.2021
5835
1 дақиқада ўқилади

Tesla Ҳиндистонда электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

Хитойда ишлаб чиқарилган автомобиллар сотувининг 5 фоизини электромобиллар ташкил этади, Ҳиндистонда эса бу кўрсаткич 1 фоизга тенг.

Фото: Reuters/Thomas Peter

Tesla компанияси Ҳиндистонда электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича келишув тузишга яқин турибди, деб хабар берди Bloomberg ўз манбаларига таяниб.

Манбаларнинг сўзларига кўра, Карнатака штати пойтахти Бангалор шаҳри яқинида йиғув заводини қуриш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Хабар қилинишича, компания Бангалор марказида ўз бўлинмаси ва офисларини рўйхатдан ўтказган.

Tesla АҚШ ташқарисидаги биринчи заводини Хитойда қурганди ва ҳозирда электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда биринчи ўринда. Компания шунингдек, Шанҳайда электромобиллар учун қувватлаш станциялари ишлаб чиқарувчи заводини қурган. 

Хитойда ишлаб чиқарилган автомобиллар сотувининг 5 фоизини электромобиллар ташкил этади, Ҳиндистонда эса бу кўрсаткич 1 фоизга тенг, деб ёзади Bloomberg.  

Ҳиндистон ҳукумати 2019 йил августдан электромобиллар учун солиқни 12 фоиздан 4 фоизга туширган. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид