«Aйритом» чегара-божхона постида туризм ахборот маркази ташкил этилди
Сурхондарёдаги «Aйритом» божхона-чегара постида ташкил этилган туризм ахборот марказида Ўзбекистондаги барча туристик объектлар, меҳмонхоналар, транспорт қатновлари, овқатланиш шохобчалари ва бошқа хизматлар кўрсатиш тармоқлари ҳақида маълумот берилади.
«Кобул–Термиз» МЧЖ томонидан Сурхондарё вилоятидаги «Aйритом» чегара-божхона постида туризм ахборот маркази ташкил этилди. Бу ҳақда Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси хабар бермоқда.
Жанубий постда ташкил этилган туризм ахборот марказида туристларга мамлакатдаги барча туристик объектлар, меҳмонхоналар, транспорт қатновлари, овқатланиш шохобчалари ва бошқа хизматлар кўрсатиш тармоқлари ҳақида маълумот берилади. Марказда пайнет ва такси хизматидан фойдаланиш, Ўзбекистондаги алоқа операторларининг сим-карталарини сотиб олиш мумкин.
«Ўзбекистонга Aфғонистондан меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг «Aйритом» чегара божхона пости орқали кириб келади. Ўтган йили мазкур пост орқали 40 мингга яқин юк ва енгил автотранспорт воситаси ҳаракатланиб, кунига ўртача 100-110та транспорт божхона назорати ва кўригидан ўтказилган. Янги марказ вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан ўзбек ва хорижий тиллардаги бепул туристик хариталар, рисолалар, флаерлар билан таъминланди», дейилади хабарда.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида Термиз халқаро аэропорти, темир йўл вокзали, Термиз археология музейи, «Термиз» давлат музей-қўриқхонасида туризм ахборот марказлари фаолияти йўлга қўйилган эди. Қўмита матбуот хизматига кўра, жорий йилда Сурхондарё вилоятининг Тожикистон билан чегарадаги «Сариосиё» божхона-чегара постида ҳам туризм ахборот маркази барпо этилади.
- Бундан аввалроқ Самарқанд туманида 8та меҳмонхона, анжуманлар зали, ресторанлар, боғ ва сайилгоҳни ўз ичига олган туристик марказ қурилиши ҳақида хабар берилган эди.
- Шунингдек, Имом-Бухорий мажмуасида реконструкция ишлари олиб борилиши, унда хорижий ва маҳаллий туристлар учун маиший хизмат ва санитария-гигиена шохобчалари қурилиши ҳақида маълумот берилганди.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024
Уч ҳудудда электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
13:36 / 06.11.2024