Жаҳон | 13:41 / 24.02.2021
13562
11 дақиқада ўқилади

Коронавирус вакциналари: қайси бири қанақа?

Коронавирус пандемиясини тугатиш учун қанчалар хавфсиз, самарали вакциналарга эга бўлсак, бу кўргуликни шунчалар тез енгиб ўтамиз.

Фото: Huffington Post

Шу кунгача беш вакцина – Moderna, Pfizer, Novavax, Johnson & Johnson ва AstraZeneca компанияларининг препаратлари бу соҳада пионерлар ҳисобланади. Яқин ойлар ичида бу вакциналар нафақат миллионлаб жонларни сақлаб қолади, балки соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган ақл бовар қилмас босимни енгиллаштиради ва фронтнинг олд қаторида тинимсиз ва фидокорона хизмат қилаётган тиббиёт ходимларига бироз тин олиш имконини беради.

Қуйида етакчи вакциналар солиштирилган ва сиз уларнинг самарадорлиги 66 фоиздан 95 фоизгача эканини кўришингиз мумкин. Бу жуда катта фарқдек кўринса-да, Йель университети инфекционисти, Pfizer вакцинасининг тадқиқот қилиш бўйича раҳбари Онйема Огбуагунинг таъбири билан айтганда, «олма ва апельсинни солиштириш» каби самарадорлик даражасини чоғиштириш олдида ҳеч нарса эмас.

Бу вакциналарнинг айримлари (масалан, Johnson & Johnson’s) Жанубий Африка республикаси каби коронавируснинг хавфлироқ ва нисбатан янги штаммлари тарқалган ҳудудларда ҳам синалган бўлса, Moderna ва Pfizer каби вакциналар Буюк Британия ва Жанубий Африка штаммлари чиқишидан аввалроқ синовдан ўтказиб бўлинган эди.

Энг муҳим жиҳат – вакциналар касалликдан асрашда қанчалар фарқ қилмасин, шу пайтгача бу вакциналарни олган бирор инсон коронавирус туфайли вафот этмади ёхуд касалхонага ётқизилмади. Оғир касалликдан муҳофазалаш барча уколлар қила оладиган яхши натижадир. Бинобарин, ҳатто қойилмақом бўлмаган вакцина ҳам пандемияга барҳам беришда беназир кўмакчи бўла олади.

Қуйида коронавирусга қарши етакчи вакциналар ҳақида асосий маълумотлар келтирилган:

Pfizer/BioNTech

PHOTONEWS VIA GETTY IMAGES

Қай йўсинда таъсир қилади: Pfizer (mRNA) типидаги вакцина бўлиб, одам ҳужайраларига коронавирусга қарши иммун тизимини ишга тушириш ва қандай ишга тушириш бўйича йўриқнома жўнатади.

Самарадорлиги: симптоматик касалликка қарши 95 фоиз.

Дозаси: 21 кун оралиғида иккита инъекция.

COVID-19 мутацияларига қарши таъсири: таъсир қилади. Эмланган одамларнинг қони лаборатория таҳлилидан ўтказилганда, янги вариантларга (масалан, Жанубий Африкада топилган) нисбатан вакцинанинг самарадорлиги бироз пасайиши мумкин, лекин эмланганларни яхши муҳофаза қила олади. Албатта, лабораториядаги таҳлилларни мустаҳкамлаш учун кўпроқ аргумент керак бўлади.

Янги вариантларга қарши мослаштириш қанчалар осон: жуда ҳам осон. Вакцина икки кундаёқ ўзгартирилиши мумкин. Огбуагунинг сўзларига кўра, Pfizer мутацияларга қарши тезроқ таъсир қиладиган инъекция устида ишлашни бошлаб юборди. Соғлиқни сақлаш соҳаси мулозимлари синовлар ва тасдиқ қай тарзда бўлишини талаб қилиши энг катта масала. Шунинг учун бу масалада кечикиш бўлиши мумкин.

Ножўя таъсирлари: аксар одамлар қўлнинг инъекция қилинган жойида оғриқ ҳис қилишган. Вакцина олган одамларнинг ярми иккинчи дозадан кейин эт увишиши, ҳолсизлик ва бошоғриғи каби гриппга ўхшаш симптомларни ҳис қилишлари мумкин. Лекин иммун тизими ўз ишини қилаётганидан далолат.

Сақланиши: mRNA вакциналар жудаям нозик бўлиб, музлаткичларда нолдан паст даражада (Цельсий шкаласи бўйича -67) сақланиши шарт.

Тасдиқдан ўтганми: учинчи фаза синовлари 2020 йилнинг қишида ниҳоясига етказилган ва фавқулодда ҳолатда фойдаланишга рухсат берилиб тарқатилмоқда.

Етказилиши: Бу АҚШда тасдиқдан ўтган ва истеъмолга киритилган илк вакцина бўлиб, Байден маъмурияти 100 миллион доза сотиб олишга улгурди. «АҚШ аҳолисининг камида учдан бири Pfizer вакцинаси билан эмланади. Pfizer бу ерда пандемияга барҳам беришда энг катта ҳисса қўшганлардан бири бўлади», дейди Огбуагу.

Moderna

ALLEN J. SCHABEN VIA GETTY IMAGES

Қай йўсинда таъсир қилади: Pfizer каби Moderna ҳам mRNA технологиясидан фойдаланган.Самарадорлиги: симптоматик касалликка қарши 94,5 фоиз.

Дозаси: 28 кун оралиғида икки инъекция.

COVID-19 мутацияларига қарши таъсири: бу вакцина Жанубий Африка республикасида чиққан янги штаммга қарши самарадорлиги бироз паст деб ҳисобланмоқда. Аммо лаборатория синовлари вирусни бартараф қилиши ва ҳимоя қила олиши мумкин. Шунга қарамай, буни яхшироқ тушуниш учун кўпроқ маълумот керак.

Янги вариантларга қарши мослаштириш қанчалар осон: худди Pfizer каби. Moderna янгилаш борасида ишга киришган ва Жанубий Африкадаги янги штаммга қарши тезроқ таъсир этувчи препаратни синовдан ўтказмоқда.

Ножўя таъсирлари: Pfizer’ники каби: аксар мижозлар инъекция қилинган жойда оғриқ сезишган. Мижозларнинг қарийб ярми иккинчи дозадан кейин эт увишиши, ҳолсизлик, бош оғриғи каби таъсирларни бошдан кечиришган.

Сақланиши: вакцина нолдан паст ҳароратда Цельсий шкаласи бўйича -20 даражада сақланиши шарт.

Тасдиқдан ўтганми: учинчи фаза синовлари 2020 йилнинг қишида ниҳоясига етказилган ва фавқулодда ҳолатда фойдаланишга рухсат берилиб тарқатилмоқда.

Етказилиши: Байден маъмурияти қўшимча 100 миллион дозада Moderna вакцинасига буюртма бериб қўйди. Бинобарин, АҚШ аҳолисининг яна учдан бир қисми бу вакцина билан эмланади.

Novavax

SOPA IMAGES VIA GETTY IMAGES

Қай йўсинда таъсир қилади: Novavax’нинг препарати суб-бирлик оқсил вакцинаси (protein subunit vaccine) бўлиб, унинг таркибида кичик, зарарсиз ва синтетик йўл билан яратилган коронавирус парчаси бўлади. Ана ўша парча иммун тизимини вирусни таниб олиш ва унга қарши туришга ўргатади. Вакцина таркибида ҳақиқий тирик вирус бўлмайди.   

Самарадорлиги: симптоматик касалликка қарши 89,3 фоиз.

Дозаси: 21 кун оралиғида икки инъекция.

COVID-19 мутацияларига қарши таъсири: жуда ҳам яхши. Унинг Буюк Британия штаммига қарши самарадорлиги 85,6 фоиз, Жанубий Африка штаммига қарши эса 60 фоиз атрофида.

Янги вариантларга қарши мослаштириш қанчалар осон: мутахассислар фикрига кўра жудаям осон. Novavax жамоаси тезкор доза устида ишлашни бошлаб юборган. Бу доза Жанубий Африкада аниқланган вариантга қарши бўлиб, бир неча ой ичида синовдан ўтишига умид қилинмоқда.

Ножўя таъсирлари: инъекция қилинганда енгил оғриқ ҳис қилинади. Айрим мижозлар ҳолсизлик, бошоғриғи ва мушакларда оғриқ ҳис қилиши мумкин.

Сақланиши: плюс ҳароратда базавий талаблар асосида сақланади. Бу ташиш ва етказишни анча осонлаштиради.

Тасдиқдан ўтганми: 3-фаза хулосалари бир неча ҳафта ичида эълон қилинади. Лекин маълумотлар таҳлил қилиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини санитар назорат қилиш бошқармаси (FDA)га тасдиқдан ўтишга ариза топширилади. Novavax билан май ёки июн ойидан эмлаш бошланишига умид қилинмоқда.

Етказилиши: «Вакциналар арсенали хуш келибди», дейди Огбуагу. Бу mRNA технологияси асосида ишлаб чиқилган вакциналарга нисбатан самараси пастроқ, лекин синовлар янги штаммларга қарши ўтказилганини ҳам ҳисобга олиш керак. Бошқа вакциналар янги штаммлар аниқланмасидан аввалроқ синаб кўрилган эди.

Johnson & Johnson

SOPA IMAGES VIA GETTY IMAGES

Қай йўсинда таъсир қилади: бундай препаратлар векторли тирик вакцина деб аталиб, аденовирус (оддий шамоллашга сабаб бўлувчи вирус) танамизга вирусни таниб олиш ва унга қарши курашиш ўргатади. Бу коронавирус билан касалланишга сабаб бўлмайди.

Самарадорлиги: симптоматик касалликда 66 фоиз, ўткир касалланишда 85 фоиз, касалхонага тушиш ва ўлим хавфидан 100 фоиз ҳимоялайди.

Дозаси: бир инъекция.

COVID-19 мутацияларига қарши таъсири: яхши, лекин умумий самарадорлиги бироз паст. Вакцина АҚШдаги синовларда 72 фоиз, Бразилия варианти кенг тарқалган Лотин Америкасида 66 фоиз, B.1.351 варианти тарқалган Жанубий Африкада эса 57 фоиз самарадорлик кўрсатган. Шунга қарамай, бу вакцина касалхонага тушиш ва ўлимдан асрайди.

Янги вариантларга қарши мослаштириш қанчалар осон: тирик векторли вакциналарни ўзгартириш mRNA вакциналаридан фарқли ўлароқ осон иш эмас. Лекин мутахассислар фикрига кўра, ўзгартиришга унча кўп вақт кетмайди.

Ножўя таъсирлар: жуда ҳам кам мижоз (9 фоиз) иситмадан шикоят қилган. Бошқаларда одатий симптомлар кузатилган: ҳолсизлик, бош оғриғи, мушакларда оғриқ ва инъекция қилинган жойда оғриқ.

Сақланиши: одатий совиткичда.

Тасдиқдан ўтганми: J&J ўзининг хавфсизлик ва самарадорлик ҳақидаги маълумотларини озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини санитар назорат қилиш бошқармаси (FDA)га феврал ойи бошида топширган. FDA маълумотларни ўрганиб чиққач, фавқулодда фойдаланишга рухсат бергач, одамлар эмлана бошланади.

Етказилиши: бир дозалик эмлаш вакцина олиш ва уни тарқатишда янги даврни бошлаб бериши мумкин. «Бу вакцинанинг энг зўр жиҳатларидан бири – узоқ ва қишлоқ ҳудудларига ҳам етиб боради. Шунингдек, бу сақлаш шароитларидан бехавотир шифокорларга бемалол беришимиз мумкинлигини англатади», дейди Обама маъмуриятида биомуҳофаза мутахассиси бўлиб ишлаган, ҳозирда тез ёрдам шифокори бўлган Дэниел Фагбуйи.

Oxford/AstraZeneca

NURPHOTO VIA GETTY IMAGES

Қай йўсинда таъсир қилади: аденовирус асосида.

Самарадорлиги: симптоматик касалликка қарши 70 фоиз.

Дозаси: икки доза. Тадқиқотларда дозалар орасидаги танаффус 4 ҳафтадан 12 ҳафтагача деб кўрсатилган.

COVID-19 мутацияларига қарши таъсири: Британия штаммига қарши яхши таъсирга эга, ҳозирда Жанубий Африка вариантига қарши самарадорлиги ҳақида маълумотлар тўпланмоқда.

Янги вариантларга қарши мослаштириш қанчалар осон: Johnson & Johnson вакцинаси каби mRNA вакциналаридан секинроқ, лекин амалда иложи бор.

Ножўя таъсирлари: инъекция қилинган жойда оғриқ, ҳолсизлик, бош оғриғи, мушакларда оғриқ, эт увишиш ва иситма каби таъсирлар кузатилган.

Сақланиши: одатий совутгичда.

Тасдиқдан ўтганми: 3-фаза синовлари 2020 йилнинг кузида тугаган ва вакцина ҳозирда Европа Иттифоқи бўйлаб фавқулодда фойдаланиш рухсати билан тарқатилмоқда. АҚШда эса, ҳануз синалмоқда ва баҳоргача озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини санитар назорат қилиш бошқармаси (FDA) тасдиғидан ўтмаслиги мумкин.

Етказилиши: вакцинанинг унча қиммат бўлмаган нархи ва сақлаш шароитларига талаб кўп эмаслиги AstraZeneca’нинг энг катта устунликларидир. «Соғлиқни сақлаш идораларига вакцинани сақлаш, ташиш ва аҳолига етказиш анча осон бўлади», дейди Фагбуйи.

Қайси вакцинани олиш керак?

Бу фуқароларнинг ўзигагина боғлиқ бўлмаган масала. Ҳозирча вакциналар тақсимоти фармкомпаниялар ҳамда жаҳон миқёсидаги ташкилотлар (БМТнинг COVAX дастури) ва давлатлар ўртасидаги келишувлар бўляпти. Пандемия ниҳоясига етиб, ҳаёт одатий маромга тушгачгина вакциналар хусусий ва индивидуал тарзда сотувга чиқиш эҳтимоли катта. Унгача фуқароларда ўз ҳукуматлари келишувга эришган компаниялар вакцинасини олишдан бошқа танлов бўлмайди. Яна бир вариант ҳам бор – умуман вакцина олмаслик. Бу ҳар кимнинг ўзига ҳавола бўлган иш.

Мавзуга оид