Ўзбекистон | 07:24 / 24.02.2021
20504
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилояти ҳокими ўринбосарларидан бири ўзгарди

Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Мусохон Оппоқов ишдан олиниб, унинг ўрнини Шуҳрат Мусаев эгаллади.

23 феврал куни Наманган вилоят ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирга қадар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси бўлиб ишлаб келган Шуҳрат Мусаев вилоят ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

 

Шуҳрат Мусаев 1973 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 1996 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. 

Меҳнат фаолиятини 1996 йилда вилоят «Истиқболстат» бош бошқармаси мутахассислигидан бошлаган.
 
2000—2017 йилларда вилоят «Иқтисодстат» бош бошқармаси бўлим бошлиғи, вилоят Иқтисодиёт бош бошқармасининг умумиқтисодиёт комплексини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, вилоят ҳокимлиги референти, бош мутахассиси, котибият мудири, ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари вазифаларида фаолият юритган. 

У 2017 йилдан шу кунга қадар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси лавозимида ишлаб келаётганди. 

Шуҳрат Мусаев вилоят ҳокимининг 2021 йил 23 февралдаги қарори билан вилоят ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва вилоят бошқармалари ташкил этилганди. 2020 йил 21 февралида вазирликнинг Наманган вилояти бошқармасида Мусохон Пўлатович Оппоқов иш бошлаганди. У вилоят ҳокими ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ҳисобланарди.

Маълумот учун, Мусохон Оппоқов президентнинг Наманган вилоятига ташрифи давомида ишдан олинган Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Пўлатович Апақов (Оппоқов)нинг акаси ҳисобланади.

Мавзуга оид