Жамият | 20:27 / 02.03.2021
15626
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда яна бир тадбиркор «дом»лар орасига хусусий боғча қурмоқчи. Маҳалладагилар бунга қарши

Тадбиркор Чилонзор туманининг 9-мавзесида жойлашган 17, 19-20-уйлар оралиғида хусусий боғча қурмоқчи. Унинг қўлида Чилонзор тумани ҳокимининг қарори бор. Лекин маҳалла аҳли бу қурилишдан норози. Бу қарама-қаршилик 3 йилдан буён давом этмоқда.

Дастлаб 0,15 га ер ажратилган, сўнгра яна 0,9 га қўшиб берилган...

Таҳририятга мурожаат қилган «Қатортол» маҳалласи фаоллари кўп қаватли уйлар оралиғига МТМ қуришмоқчи бўлишаётгани, бундан эса маҳалла аҳли норози эканини маълум қилишди. Улар қурилиш қилиниши мўлжалланган ҳудуддаги дарахтларнинг тақдиридан кўпроқ хавотирда.

Жорий йилнинг 1 март куни бу ерда боғча қуриш ниятидаги тадбиркор, маҳалла раиси, туман ИИБ вакили ва фуқаролар ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. Бироқ томонлар ўзаро тил топиша олмади.

Маълум бўлишича, «Карера Образования» МЧЖга 2018 йил Чилонзор туман ҳокимининг қарори билан 9-мавзедаги 17, 19 ва 20-уйлар оралиғидан дастлаб 0,15 га ер ажратиб берилган. Орадан бир ой ўтгач, ҳокимнинг қарорига ўзгартириш киритилиб, хусусий боғча учун ажратилган ер майдони ҳажми 0,24 гектарга ўзгартирилади.

Лекин орадан 3 йил ўтган бўлишига қарамай мактабгача таълим муассасасининг қурилиш ишлари бошланмаган. Сабаби бу ерда яшовчи фуқаролар уйлари олдида боғча эмас, болалар майдончаси, маҳалла аҳли ҳордиқ чиқарадиган жой ва спорт майдончалари қурилишини исташмоқда.

«Биронта дарахтга зарар етказилмайди» - МЧЖ вакили

«Карера Образования» МЧЖ вакили Акмал Хўжаевнинг айтишича, хусусий мактабгача таълим муасссасасини қуриш жараёнида биронта дарахт кесилмайди.

«Бу ерда биринчи лойиҳамизда катта бино тушаётган эди. Aҳоли норози бўлди. Чунки бизга ажратилган ҳудуда жудаям кўп дарахт бор эди. Шундан сўнг биз ерни ўзгартириб беришни сўраб, ҳокимликка илтимос қилдик.

Шундан сўнг лойиҳани алмаштирдик. Битта катта бинони ўрнига бешта кичкина бино тушяпти. Боғча 2 қаватдан иборат бўлади. Ҳамма ҳужжатларимиз қонун доирасида. Биронта ноқонуний қурилиш олиб борилмайди. Ташкилотлардан рухсатлар олганмиз. Бу лойиҳамизда биронта дарахт кесилмайди. Дарахтга тегмаслик учун 1 та катта бино эмас, 5 та кичкина бино қилмоқчимиз.

Қурилишга маҳалла аҳли қарши бўлишмоқда. Лекин норозилик асосли бўлиши керак. Шунчаки “биз бу ерда боғча бўлишини ҳоҳламаяпмиз” деган билан иш битмайди.

Бизда ҳам масъулият бор. Яъни боғчадан ташқари фуқароларга болалар майдончаси, қариялар ҳордиқ чиқарадиган жой ва шу ерда яшаётган фуқаролар учун алоҳида автотураргоҳ қуриб берамиз. Бу масалаларни гаплашгани келгандик, лекин фуқаролар гаплашишни ва келишишни исташмаяпти» дейди Aкмал Хўжаев.

«Ҳамма дарахтлар идентификация қилинган» – «Қатортол» МФЙ раиси

«Қатортол» МФЙ раиси Парда Эргашевнинг айтишича, бу муаммо 3 йилдан бери мавжуд. Шунингдек, бу ердаги барча дарахтлар рўйхатга олинган.

«Қурилишга 3 йил олдин ишлаган туман ҳокими рухсат берган. Лекин бунинг учун маҳалла аҳлининг розилиги керак. Бир неча марта бошқа ҳудуддан жой бериш масаласини айтганмиз. Яхши томони ҳудуддаги барча дарахтлар идентификация қилинган.

Лекин бу ҳудудларни тозалаш масаласи ҳам долзарб. Мана ҳозир тадбиркорлар билан учрашувлар бошланди. Фуқаролар рози бўлсагина қурилишни бошлаш мумкин» деди маҳалла раиси.

Эргашевнинг айтишича, шундан сўнг маҳалла фаоллари бир неча бор туман ҳокимлиги мутасаддилари билан боғланишга ҳаракат қилишган. Aммо бу уринишлар натижа бермаган.

Ҳокимлик фуқаролар розилигисиз қарор чиқариши қачонгача давом этади?

Сўнги вақтлардаги кўп такрорланувчи ҳолат: ҳокимлик оқибатини ўйламай, фуқароларнинг розилигини олмай тадбиркорга қарор чиқариб бераверади. Натижада эса тадбиркор ва фуқаролар жиққамуш бўлиб юраверади.

Чилонзор туманидаги ҳолатда ҳам келишмовчилик иштирокчилари яна тадбикор ва фуқаролар. Учрашувга эса ҳар доимгидек ҳокимлик вакили келмаган. Aслида бундай ҳолат вужудга келишининг бош сабаби туман ҳокими томонидан чиқарилган қарорда. Ҳокимликнинг қарорини ижро этувчи тадбиркор эмас ҳокимликнинг ўзи бўлиши керак. Чиқарилган қарорга эътироз қатъий бўлса, у ўзгартирилиши лозим.

Aкс ҳолда тадбикор ҳам фуқаролар ҳам мана шундай сарсон ва оввора бўлиб юраверишади. Бундан эса фақат ҳукумат ва у олиб бораётган сиёсат ютқазади. Фуқаролар маънавий зарар кўради.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ва Чилонзор туман ҳокимликларидан изоҳ сўраб қоламиз. Кўрамиз 3 йилдан бери давом этаётган муаммонинг ечими қандай ҳал этилар экан?!

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Раҳматилло Исроилов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи Отахон Юсупов

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид