Жаҳон | 08:14 / 07.03.2021
4077
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус келиб чиқиши ҳақида ҳисобот шу ой тақдим этилади

ЖССТ раҳбари Хитойнинг Уҳан шаҳрида давом этган бир ойлик текширувнинг сўнгги ва батафсил натижалари маълум қилинишини айтди.

Фото: Getty Images

Хитойда коронавирус пандемиясининг келиб чиқишини тадқиқ қилаётган ҳалқаро инспекция ўз ҳисоботини 15 мартдан бир ҳафта ўтиб эълон қилади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари маълум қилди.

«Ҳисобот икки босқичда эълон қилиниши кўзда тутилганди: дастлабки қисқа ҳисобот февралда, кейин тўлиғи. Энди ҳар иккиси ҳам бир пайтда омма ҳукмига ҳавола қилинади.

«Кўплаб аъзо давлатлар SARS-CoV-2нинг келиб чиқиш сабабларини ўрганаётган ЖССТнинг қўшма ҳисоботини интиқлик билан кутишаётганини биламан. Албатта, ўзим ҳам кутяпман. Жамоа сўнгги ва қисқа ҳисобот устида ишламоқда. Улар 15 мартдан кейин эълон қилинади.

Ҳисоботлар тайёр бўлгач, биз мутахассислар жамоасидан ҳисоботни оммага эълон қилишдан аввал аъзо давлатларга етказишларини ва сизларни аниқланган нарсалардан бохабар қилишларини сўраймиз», деган ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус.

Коронавирус билан зарарланишнинг илк ҳолатлари Хитойнинг Уҳан шаҳрида 2019 йилнинг декабрида аниқланганди. Халқаро инспекция эса текширувларни 2021 йилнинг январида бошлади ва ўтган ой тугатди.

Халқаро олимлар гуруҳи илк касалланиш ҳолатлари қайд этилган жойларни текшириш учун Уҳанда тўрт ҳафта ишлади. Мутахассислар ушбу касаллик манбаси кўршапалаклар экани, бошқа сут эмизувчилар орқали инсонга юққани ҳақида хулосага келишмоқда.

Уҳанга борган гуруҳ вирус манбасини аниқлай олмаган эса-да, мутахассислар у шаҳардаги вирусология лабораториясидан сизиб чиққан деган фаразга ишончсизлик билан қарашмоқда.

Инспекция раҳбарлари Женевага қайтиб келгач, Тедрос Гебрейесус «барча фаразлар бўлиши мумкин» деб айтган.

Янги тадқиқот ўтказишни талаб қилиб ёзилган очиқ хат муаллифларидан бири жаҳон аҳли энди коронавируснинг келиб чиқишини била олмаслигини айтган.

«Энди бир йил аввалгидек имкониятга эга эмасмиз», дейди Австралиядаги Флайндерс университетининг вакциналар бўйича мутахассиси, пайшанба куни эълон қилинган очиқ хатга имзо чеккан жаҳоннинг 26 муаллифларидан бири бўлган Николай Петровский.

Очиқ хатда ЖССТнинг инспекция гуруҳи «тўлиқ ва чекланмаган текширув олиб бориш учун эрки, овози ва ҳуқуқи йўқ», деб айтилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид