Жаҳон | 13:31 / 09.03.2021
19687
13 дақиқада ўқилади

«Ойдаги аёллар»: кратерларга қайси аёлларнинг номи қўйилган?

Ернинг табиий йўлдоши Ойда минглаб кратерлар бор, уларнинг баъзилари инсонларнинг исми билан аталади.

Фото: Getty Images

Хусусан, Ойдаги 1577 кратерга таниқли олим, муҳандис ва тадқиқотчилар номи берилган. Аммо уларнинг атиги 26 нафаригина аёллардир. BBC нашри ушбу аёллар ким экани ва бу рўйхатда нега эркакларга нисбатан аёлларнинг номи камлигини ўрганиб чиқди.

Кратерларга кимларнинг номи берилади?

Кратерларнинг аксарияти буюк ихтиролар ёки ғояларга йўл очган олим ёки файласуфлар номи билан, шунингдек, маъбуда ёки мифологик мавжудотлар номи билан аталади.

Файласуф Платон, астроном Галилео Галилей ва математик Исаак Ньютон – кратерларга исми берилган машҳур инсонлардир. Шунингдек, истисно тариқасида, Ойнинг Ер томони деб аталувчи минтақасида жойлашган Lacus Somniorum ёки «Орзулар кўли» атрофидаги кратерга машҳур поп юлдузи Жон Ленноннинг исми берилган.

Аммо ном берилган 1577та кратернинг атиги 2 фоизидан камроғи олима аёллар номи билан аталгани сабабли, уларнинг кимлигини аниқлаш ўзига хос «тадқиқот»ни талаб қилади.

Боз устига, аёлларнинг исми берилган кратерларнинг деярли барчаси Ойнинг Ердан кўринмайдиган қисмида жойлашган.

Исмларни ким танлайди?

Астрономик ҳодисаларга берилган номларни тасдиқлаш ваколати 1919 йилдан бери Халқаро астрономия жамияти (IAU)га оид. Аммо Ойдаги баъзи исмларнинг келиб аниқлаш учун Галилео Галилей телескоп билан Ой юзини тадқиқ этган 1610-йилларга назар ташлаш лозим.

«1651 йилда италиялик астроном Жованни Риччоли Ойдаги кратерларга ном берган илк олим бўлди», дейди Австралия астрономик ёруғлик илми мактаби ўқитувчиси, покистонлик астроном, доктор Тоййиба Зафар.

«Риччоли томонидан 147та кратерга атаб қўйилган инсон исмларидан фақат иккитасигина аёлларга тегишли эди. Ҳипатия исмли аёл реал тарихий шахс, аммо искандариялик авлиё Кетрин реал ҳаётда мавжуд бўлмаган бўлиши мумкин», дея қўшимча қилади Америка Астрономия ассоциацияси президенти Меган Донахуе.

Кейинги асрларда Ой юзасида топилган янги шаклларга асосан эркак олимлар ва тарихий шахсларнинг номи берилган. Чунки доктор Тоййиба Зафар таъкидлаганидек, ўша йилларда аёлларнинг мунтазам таълим олиши ва машғулотларга қатнашишига тўсқинлик қилинган.

Ой харитасига қаралса, ном берилган кратерлар сони 1608та эканини кўриш мумкин. Аммо уларнинг фақат 1577таси реал шахсларнинг исми билан боғлиқ.

Халқаро астрономия жамияти маълумотларига кўра, одатда, аёллар номи билан боғлиқ 38та кичик кратер мавжуд бўлса-да, уларнинг атиги 26таси тарихда яшаб ўтган аёл олимлар, муҳандислар ва тадқиқотчиларга тегишли.

Аёлларнинг исми билан аталган кратерлар сони нега кам?

ХХ асрда Ойга жуда катта қизиқиш уйғонди. Бу қизиқиш 1950 йилдан 1970 йилгача давом этади. Бу – айни пайтда АҚШ ва собиқ совет иттифоқи ўртасида Ойга бориш учун қилинган рақобат даври ҳамдир.

«Ойдаги қатламларни номлашда бироз тартибсизлик юзага келади. Шу боис 1973 йилда Халқаро астрономия жамияти ушбу масала бўйича шуғулланувчи махсус комиссия тузади», дейди Халқаро астрономия жамиятининг сайёралар тизимлари атамалари бўлими раҳбари астроном Рита Шульц.

Аввало, фақат илмий нуқтайи назардан номланиши керак бўлган қатламларни номлашга қарор қилинади.

«Авваллари берилган исмлар сақланиб қолган. Аммо эндиликда Ойдаги кратерларга исми берилиши учун у олим ёки қутб кашфиётчиси бўлиши ва вафот этган бўлиши керак. Аёл исмлари жуда кам эканини изоҳловчи яна бир омил мавжуд. Дастлабки йилларда IAU Ойдаги қатламларга эркакларнинг, Венерадаги қатламларга эса аёлларнинг исмларини беришга қарор қилганди», деб қўшимча қилади доктор Шульц.

Гарчи мазкур қарор эндиликда амалда бўлмаса-да, тенгсизлик ҳамон давом этмоқда. Сўнгги 30 йил ичида Ойдаги фақат 7та кратергагина аёллар номи берилган. 1919 йилда IAU ташкил этилганида, Ой юзасидаги қатламларга аёллар исмини бериш нисбати 2 фоиздан кам эди. Бу кўрсаткич ҳали ҳам ўзгаргани йўқ.

Нима учун бу муҳим?

Чилилик астроном доктор Марица Сото Васкес ўзининг биринчи сайёрасини 25 ёшида, тўртинчиси эса 31 ёшида кашф этади.

«Аёлларнинг илм-фан билан кўпроқ шуғулланишларини истасак, эътибор энг муҳим омиллардан биридир. Ёш аёллар қайси соҳада таълим олишга қарор бераётганларида ўзларига мос моделларни кўра олишлари лозим. Эҳтимол, ҳеч ким уларга «Сен аёл кишисан, илм билан шуғуллана олмайсан», деб айтмаётган бўлиши мумкин. Аммо улар ёшлик пайтидаёқ инсонга жиддий таъсир кўрсатувчи мана шундай «ўгит»лар олишади. Қолаварса, илмий машғулотларда ёки китобларда бошқа аёлларга кам дуч келишлари ҳам шундай омиллардан биридир», дейди Марица Сото Васкес.

«Кўриниш, эътибор ва тан олиниш янада кучайиб борувчи таъсир яратади. Илм-фан дунёси аёлларнинг ютуқларини тан олиши, уларни жамият учун намуна сифатида кўрсатиши, барчани қамраб олувчи ва қўллаб-қувватловчи иш муҳитини яратиши керак», дейди доктор Тоййиба Зафар.

Яқинда АҚШ космик ва авиация бошқармаси NASA 2024 йилда Ойга оид режалар қайта тикланишини ва бу гал инсон илк марта Ойга қадам қўйган 1972 йилдан бери биринчи марта аёл астронавт фазога жўнатилишини эълон қилди.

Ойда номи абадийлаштирилган аёллар кимлар? Қуйида уларнинг баъзилари билан таништириб ўтилади.

Валентина Терешкова (1937-)

Ҳозирда тирик ва ойдаги кратерга исми берилган ягона аёл рус космонавти Валанетина Терешковадир.

«Дунёда эркаклар ва аёллар бир хил хавфлар билан тўқнаш келишади. Нега космосда ҳам бу хавфларни қабул қилмаслигимиз керак?» дея савол қўяди у.

Терешкова 1963 йилда, 26 ёшида космосга чиққан биринчи аёл сифатида тарихга киради ва у ҳамон космосга ёлғиз юборилган ягона аёл-космонавт бўлиб қолмоқда.

«Космосга чиққач, дунёнинг нақадар кичик ва мўрт эканлигини кўришингиз мумкин», деганди у фазодан қайтганда.

«Восток 6» номли космик капсула ёрдамида фазога йўл олган Терешкова уч кун давомида космосда қолади ва Ер атрофида 48 марта айланади.

«Шунча вақтини космосда ўтказган ҳар бир киши унга умрбод ошиқ бўлади», дейди Терешкова. У яна бошқа экспедициялар билан ҳам сафарга чиқишни истайди, аммо бу унинг ягона космик сафари бўлиб қолади.

Валанетина Терешкова бунинг ўрнига совет иттифоқининг илмий элчиси сифатида дунё бўйлаб саёҳат қилади ва кейинчалик Россия давлат парламенти (Дума)га сайланиб, сиёсат йўлига қадам босади.

Унинг номи билан аталган кратер Ойнинг орқа томонда Mare Moscoviense тузилмасининг ғарбий қисмида жойлашган.

Ҳипатия (милодий 415 йилда вафот этган)

Ҳипатия – Миср Шарқий Рим империясининг бир вилояти бўлган давр, милодий 350 ва 370 йилларда Искандарияда туғилган деб тахмин қилинувчи математик, астроном ва файласуфдир.

У, шунингдек, кўпчилик аёллар таълим олиш имконига эга бўлмаган бир даврда ўз ҳаётини илм-фанга бағишлаган илк аёл сифатида ҳам эътироф этилади.

Унинг отаси Теон астроном ва Искандариядаги машҳур кутубхонанинг директори бўлиб, у қизининг шаҳардаги энг яхши ўқитувчилардан дарс олишини таъминлайди.

Ҳипатияга тегишли илмий ишларининг аксарияти йўқолган, аммо ўз даврининг кўплаб муаллифлари ундан тез-тез иқтибос олиши шундан далолат берадики, у жуда муваффақиятли олима бўлган.

У «Астрономия қонуни» номли китоб ёзади, кўплаб сайёралар жадвалларини тайёрлайди ва ўша даврдаги астрономик асарларга шарҳлар битади.

Аммо Ҳипатия Искандария епископи билан тил топиша олмагач, унинг ҳаёти фожиа билан якунланади – ғазабнок масиҳийлар уни ўлдиришади.

Орадан тахминан икки минг йил ўтиб, Ҳипатия аёл ҳақ-ҳуқуқларининг афсонаси ва феминистик ҳаракатларнинг илҳом манбайига айланади.

Аслида, XVII аср астрономи Риччоли 1651 йилда унинг исмини бир кратерга беради, аммо IAU Ҳипатия номини у кратердан олиб, Ойнинг Ерга қараган томонида жойлашган «Сукунат денгизи»нинг жануби-ғарбий қисмидаги кичик бир кратерга қўяди.

Антония Каэтана де Пайва Перейра Мори (1866-1952)

Қисқача айтганда, Антония Мори ўз даврининг энг яхши америкалик астрономларидан биридир.

Шунингдек, у Ҳарвард университети расадхонасида ўша пайтда «Ҳарвард компьютерлари» номи билан танилган аёл астрономлар гуруҳига киради.

Мори «спектрал иккиликлар» деб номланувчи, бир-бирига жуда яқин бўлгани учун Ердан туриб қаралганда кўз билан ажратиб бўлмайдиган жуфт юлдузларни ўрганган илк олимдир.

Шунингдек, у юлдузлардан чиқувчи электромагнит тўлқинлар ҳажмини ўлчашга имкон берувчи тизим яратади ва ушбу тизим бугунги кунда ҳам IAU томонидан қўлланмоқда.

У Нью-Йоркда туғилган бўлса-да, она томондан бувиси (Антония Каэтана де Пайва Перейра Гарднер Дрейпер)нинг номини олган. Унинг бувиси Европадаги Наполеон урушларидан қочиш учун Бразилияга кўчиб ўтган португал миллатига мансуб суди шифокорининг қизи эди.

Мори 86 ёшида вафот этади ва IAU унинг исмини «Орзулар кўли»нинг шимоли-шарқидаги кратерга қўяди.

Калпана Чавла (1962 - 2003)

Калпана Чавла – космосга чиққан илк ҳиндистонлик аёлдир.

«Орзулардан муваффақият сари йўл бор. Сиз унга элтувчи миссияга, бу йўлни босиб ўтадиган жасорат ва қатъиятга эга бўлсангиз бас», дейди у.

Чавла Ҳиндистонда туғилади. Унга «Монту» деб исм қўйишади. У ёшлигиданоқ учиш иштиёқига тушиб қолади. Шунинг учун оиласи уни 3 ёшдан эътиборан «тасаввур» деган маънони ифодаловчи Калпана исми билан атай бошлайди.

Чавла Панжоб муҳандислик факультетининг аэрокосмик муҳандислиги бўлимига ўқишга киради ва уни тугатган биринчи аёлга айланади. 1982 йилда у аспирантурада таҳсил олиш учун АҚШга йўл олади ва у ерда космик муҳандислик бўйича икки бор магистратура ва докторантурани тугатгач, NASA таркибига қўшилади.

У космонавт ва муҳандис сифатида биринчи парвозини 1997 йилда Колумбия космик кемаси билан амалга оширади. 

2003 йилда Колумбия космик кемаси атмосферага қайтаётганда парчаланиб кетиши натижасида юз берган ҳалокатда экипажнинг етти аъзоси вафот этади. Уларнинг орасида Чавла ҳам бор эди.

Унинг номи берилган кратер Ойнинг орқа томонида – бир вақтнинг ўзида вафот этган ҳамкасби Л. Кларк номидаги кратернинг ёнида жойлашган.

Энни Жин Изли (1933 - 2011)

Энни Жин Изли – 2021 йил 1 февралда исми Ойдаги кратерга қўйилган охирги аёлдир.

Изли NASA’да компьютер муҳандиси бўлиб ишлаган илк афроамерикаликлардан биридир. Аслида, у математик бўлиб, кейинчалик ракета қуришга ихтисослашади.

Изли АҚШнинг жанубида «Ҳуқуқлар ва эркинликлар ҳаракати» бошланишидан олдин туғилади. Бу йиллар қора ва оқ танлилар алоҳида мактаб ва университетга борган, алоҳида яшашга мажбур бўлган давр эди.

Онаси уни ҳар доим кўпроқ мақсад қилишга ундайди. У қора танли болалар ўқитиладиган мактабларда яхши таълим берилмаслигини билар, шу боис ҳам қизининг ўз устида кўпроқ ишлашини хоҳларди.

Изли 34 йил давомида NASA’да компьютер кодларини ёзади, ракета двигателлари технологияси устида ишлайди ва келажакдаги космик кемалар учун технологик асосларни яратишда ёрдам беради.

Изли бутун ҳаёти давомида аёлларни, талабаларни илм-фан, технология, муҳандислик ва математикага жалб қилиш баробарида NASA доирасидаги айирмачиликка қарши курашади.

Жамоавий кучга ишонувчи ва ҳамкасбларини юксак қадрловчи Изли ҳақида NASA веб-сайтида шундай фикрларни кўриш мумкин: «Уни биладиганларнинг кўпчилиги нафақат илмий ишлари билан, балки ўз энергияси ва конструктив ёндашуви билан NASA’га ажойиб таъсир ўтказганини эътироф этишда якдилдир».

Излининг номи бугун Ойнинг орқа томонидаги кичик кратерда яшамоқда.

Мавзуга оид