Жамият | 18:48 / 09.03.2021
10715
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда кўплаб кўчалар ёпилган. Шаҳарда тирбандликлар кузатилмоқда

Самарқанд шаҳрида бир қанча кўчалар таъмирлаш ишлари – электр кабеллари, табиий газ ва ичимлик суви тармоқларини ўтказиш ишлари олиб борилаётгани учун ёпилган. Бу ҳолат кўҳна шаҳарнинг бошқа кўчаларида тирбандликларни юзага келтирмоқда. Яқин муддатда яна бир қатор кўчаларда таъмирлаш ишлари олиб борилиши сабабли улар автомобиллар қатнови учун ёпилиши ёки қарама-қарши ҳаракат ташкил этилиши мумкин. Бу эса кўҳна шаҳар кўчаларида тирбандлик янада ошишини англатади.

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, яқин орада Самарқанд шаҳрининг ўндан ортиқ кўчасида таъмирлаш ишлари олиб борилиши сабабли транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик чекланиши ёки қарама-қарши ҳаракат ташкил этилиши мумкин.

Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган кўчалар:

  • Панжакент кўчасининг Садриддин Айний кўчасидан Ислом Каримов хиёбонигача бўлган қисмида;
  • Даҳбед кўчасининг Ибн Сино кўчасидан Сиёб канали кўпригигача бўлган қисмигача;
  • Рудакий кўчасининг Гагарин кўчасидан Даҳбед кўчасигача бўлган қисмида;
  • Шоҳи Зинда кўчасининг Даҳбед кўчасидан Имом Ал-Бухорий кўчасигача бўлган қисмида;
  • Шоҳи Зинда кўчасининг Уста Умар Жўрақулов кўчасидан Улуғбек обсерваториясигача бўлган қисмида;
  • Абдураҳмон Жомий кўчасининг Университет хиёбонидан Мирзо Улуғбек кўчасигача бўлган қисмида;
  • Садриддин Айний кўчасининг Уста Умар Жўрақулов кўчасидан Панжакент кўчасигача бўлган қисмида;
  • Зарафшон шоҳкўчасининг Уста Умар Жўрақулов кўчасидан М-37 автомобил йўлигача бўлган қисмида;
  • М-37 халқаро автомобил йўлининг 0-3 километрларида;
  • М-37 халқаро автомобил йўлининг 33-42 километрларида;
  • М-39 халқаро автомобил йўлининг 1081-1085 километрларида.

Маълумот учун, жорий йил 23 февралда «2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент фармойиши (Ф–5636-сон, 23.02.2021 й.) қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш бўйича Республика ташкилий комиссияси таркиби ҳамда Саммит тадбирларини ўтказиш бўйича босқичли иш режаси тасдиқланди.

Мавзуга оид