Жаҳон | 16:26 / 11.03.2021
7409
3 дақиқада ўқилади

Беларусда блогер Сергей Тихановскийга айблов қўйилди. У 15 йилга қамалиши мумкин

Тергов хулосасига кўра, Тихановский «давлат хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қарши куч ишлатишга чақириш»да айбланмоқда. Эндиликда мухолифатчи блогер сиёсий маҳбусга айланди.

Таниқли беларус блогери Сергей Тихановскийга айблов эълон қилинди. Беларус тергов қўмитасининг 11 март куни берган баёнотига кўра, Тихановский Жиноят кодексининг 4 моддаси бўйича айбланмоқда – оммавий тартибсизликлар уюштириш, миллий низо қўзғаш, Марказий сайлов комиссияси фаолиятига тўсқинлик қилиш ва жамоат тартибини қўпол равишда бузиш. Унга 15 йиллик қамоқ жазоси беришлари мумкин.

Тергов қўмитасининг Тихановский, рўйхатдан ўтказилмаган социал-демократик партия етакчиси Николай Статкевич ва унга яқин шахсларга қарши олиб борган иши ўз ниҳоясига етган. Тергов маълумотларига кўра, улар «узоқ муддат давомида оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш ва ташкиллаштириш билан машғул бўлишган».

Тихановский нимада айбланмоқда?

Блогер, хусусан, гўёки «YouTube ваTelegram каналлари орқали давлат хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қарши куч ишлатишга очиқча даъват қилган» ва «аломатларига кўра жамиятда ижтимоий низо ва адоват қўзғаган». Тергов хулосасига кўра, бу ишлар «жамоат онгини манипуляция қилиш билан шуғулланувчи экстремистлар» билан боғлиқ.

Тихановский, шунингдек, 2020 йил май ойида МСК фаолиятига унинг раиси Лидия Ермошинага «таҳдид қилиш орқали тўсқинлик қилиш»да ҳам айбланмоқда. Тергов қўмитаси талқинига кўра, айбланувчилар май ойида Гродно шаҳрида «пикет қилиш баҳонасида қўпол равишда жамоат тартиби бузилишига сабаб бўлган имзо тўплаш бўйича ноқонуний оммавий тадбир уюштиришган». Айбланувчиларнинг мулки ва пул маблағларига тақиқ қўйилган, улар келтирган зарар 3,5 миллион рублдан ортиқроққа баҳоланяпти.

Тихановский ва Статкевич сиёсий маҳбуслар деб тан олинди

Тихановский 2020 йилнинг 9 августида бўлиб ўтган Беларусь президентлиги учун сайловларда номзод сифатида қатнашмоқчи эди. Бироқ Марказий сайлов комиссияси маъмурий ҳибсни ўтаган деган сабабни кўрсатиб, унинг номзодини рўйхатдан ўтказмади. Блогернинг ўрнига ташаббускорлар гуруҳи номидан унинг турмуш ўртоғи Светлана Тихановскаянинг номзоди рўйхатга олинди. Сергей Тихановскийни 29 май куни рафиқасининг номзодини қўллаб-қувватлаш учун Гродно шаҳрида уюштирилган пикет вақтида қўлга олишди.

Статкевич президентликка 2010 йилда ҳам даъвогарлик қилган ва 2020 йилдаги сайловга «протест номзод» сифатида бормоқчи эди, бироқ МСК унинг судланганлик муддати ҳали ниҳоясига етмагани боис, номзодини рад этди.

Беларуслик ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар Тихановский, Статкевич ва бошқа қўлга олинган фаолларни сиёсий маҳбуслар деб эълон қилишди. 2020 йил августида Александр Лукашенко навбатдаги сайловларда ҳам ғалаба қозонгани эълон қилингач, мамлакатда норозилик намойишлари авж олди ва бундай намойишлар шафқатсизлик билан бостирилди. Сайловчилар ҳукуматни сайлов натижаларини қалбакилаштиришда айблаб, янги ва ҳалол сайлов ўтказишни талаб қилишмоқда. 

Мавзуга оид