Ўзбекистон | 11:22 / 12.03.2021
3609
4 дақиқада ўқилади

Бурчмуллада 10 минг гектар ўрмон зараркунандалардан сақлаб қолинади

Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг ўрмонларни бошқариш лойиҳаси доирасида ташкил этилган биологик лаборатория Тян-Шан тоғ ёнбағри биохилма-хиллигига зарар етказувчи зараркунандалар турларига қарши табиий ечимлар ёрдамида курашади.

Ўзбекистон ўрмонлари Сибирнинг тайга бутазорлари ва Россия сийрак ўрмонларига ўхшамайди. Ўрмонлар дарахтлари асосан баланд тоғ ёнбағирларида ва тоғ дарёлари водийларида жойлашган. Айрим жойларда у текисликларга ёйилади ва бу ерда инсон билан ҳудуд учун жангларда “асир”ликка дош беради. Бироқ ўрмон ҳудудлари қисқаришига фақат инсон сабабчи эмас. Ўрмон хўжаликларининг яшил ўсимликлари барги ҳамда пўстлоғини кемирувчи зараркунанда ҳашаротлар ҳам хавфли душман саналади.

Аксарсой дарёси бассейнидаги ёнғоқзор ўрмонлар умумий кўриниши

Тошкент вилояти Бурчмулла ўрмон хўжалиги Ғарбий Тян-Шан тизмаларида жойлашган бўлиб, ундаги иқлим шароитлари 70дан зиёд турдаги дарахтлар ва тақрибан 80 турдаги буталарнинг табиий ўсиши учун қулайдир. Аммо ўрмон хилма-хиллигини сақлаш учун тезкор чоралар кўрилмаса, уни зараркунанда ҳашаротлар йўқ қилиши мумкин. Баъзи йилларда, экспертлар ҳисоб-китобига кўра, улар ҳосилнинг 40–45 фоизигача зарар етказади.

Авваллари дарахтлар зараркунандалари ва ўрмон касалликларига қарши тутун портлаткичлар ёрдамида курашиларди. Бундай услуб яхши самара берган. Аммо экологик сабабларга кўра, қўллашга номақбул бўлиб чиқди, чунки бунда нафақат зараркунандалар, балки фойдали ҳашаротлар ҳам қирилиб кетарди. Ўрмон “душман”ларига қарши кураш тизимини самарали йўлга қўйиш учун БМТТДнинг “Глобал аҳамиятга эга биохилма-хиллик учун муҳим асосий тоғ минтақаларида табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва ўрмонларни бошқариш” лойиҳаси билан ҳамкорлик қилишга қарор қилинди.

Буталар ва ёнғоқли дарахтлардан зараркунандалар тухумларини йиғиш

Тошкент давлат аграр университети олимлари билан биргаликда бўлажак лаборатория жиҳозларига эҳтиёжни ўрганиш ишлари ўтказилди, ходимлар учун ўқув семинарлари ташкил этилди. Лойиҳа доирасида тендер асосида жиҳоз ва инвентарлар сотиб олинди, бу дарахт ва бута экинлари зараркунандаларига қарши курашиш учун энтомофаглар (дарахтларни ҳимоя қилишнинг биологик воситалари) ишлаб чиқариш бўйича 10 минг гектарга мўлжалланган намунавий биолаборатория яратиш имконини берди.

Ўрмон патологияси текшируви давомида ўрмон хўжалиги ўрмонни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш муҳандиси билан ёнғоқзор ўрмонларни кўздан кечириш

Ушбу босқичда биолаборатория учун Ғазалкент шаҳрида умумий майдони 303 квадрат метрли икки қаватли бино ажратилган. Лабораторияда табиий муҳитда ўрмонларда мавжуд зараркунандаларни еб битирувчи ва бу билан улар сонини қисқартирувчи энтомофагларни кўпайтириш бошланди. Бундай “қотиллар” ўрмонларга, ўрмон хўжалиги боғларига, фермер хўжаликларига ва маҳаллий аҳоли томорқаларига тарқатилади, бу баланд тоғ ҳудудларида мавжуд табиий ўрмонларни соғломлаштириш имконини беради. Мутахассислар ҳисоблашича, намунавий биологик лабораторияни ташкил этиш ҳам ўрмон учун фойдали ҳашаротлар, ҳам зараркунандалар сонини назорат қилиб боришга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, Бўстонлиқ тумани ўрмонлари 44,2 минг гектардан зиёд майдонни эгаллайди, унда боғлар ва мевали ўрмон экинлари ўсади. Биолаборатория ташкил этилишидан ўрмон, фермер ва деҳқон хўжаликлари ютади, шунингдек, зараркунандаларга қарши энтомофаглар қўлланиши талаб этиладиган уй экинларига ҳам фойдали бўлади. Бўлажак биолаборатория тажрибаси бошқа ўрмон хўжаликларида ҳам қўлланилади.

ГЭФ/БМТТД/Ўзбекистон ҳукуматининг кенг кўламли “Глобал аҳамиятга эга биохилма-хиллик учун муҳим асосий тоғ минтақаларида табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва ўрмонларни бошқариш” лойиҳаси 2017 йилдан буён фаолият юритади ва Ўзбекистоннинг биохилма-хилликка бой баланд тоғлардаги экотизимларида табиий ресурсларни сақлаш ва улардан барқарор фойдаланишда ёрдам беради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид