Жаҳон | 16:22 / 15.03.2021
10229
3 дақиқада ўқилади

Манба: Евроиттифоқ Россия вакцинасини сотиб олмоқчи

Европа Иттифоқи Россиянинг «Спутник V» вакцинасини харид қилиш бўйича музокаралар бошлади, дея хабар беради Reuters дипломатик ва расмий манбарларга таянган ҳолда.

ЕИ номидан вакцина ишлаб чиқарувчилар билан музокара олиб бораётган расмий вакил иттифоққа аъзо мамлакатлар ҳукуматлари «Спутник V» борасида музокараларга киришиш имкониятини кўриб чиқишаётганини маълум қилди. Агентлик хабарига кўра, жараён бошланиши учун ЕИнинг тўрт давлатидан талаб тушиши керак бўлади.

Евроиттифоқда «Спутник V»ни тасдиқдан ўтказган илк давлат Венгрия бўлди. Будапештга вакцина феврал ойи бошларидан етказиб берила бошланганди. Кейинроқ Словакия ҳам «Спутник V»ни тасдиқдан ўтказди.

Европа Иттифоқининг расмий вакили Италия ҳукумати Рим яқинида жойлашган мамлакатдаги энг йирик ReiThera заводини «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришда фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқаётганини маълум қилган. 30 фоиз акцияси давлатга тегишли бўлган ва коронавирусга қарши ўз препаратини ишлаб чиқаётган ReiThera компанияси бу борада изоҳ беришдан бош тортган. Агентликнинг хабар беришича, Италия ЕИ ҳукуматини «Спутник V» вакцинасини сотиб олиш ва уни ташкилот ҳудудида қўллашга чақирмоқда.

Европа Иттифоқи Ғарбнинг 6 вакцина ишлаб чиқарувчиси билан музокараларни бошлаб бўлганди ва яна иккитаси билан музокараларни бошлаяпти. Ҳозирча ЕИ ҳудудида тўрт вакцина рўйхатдан ўтказилган - Johnson&Johnson, Pfizer, AstraZeneca ва Moderna.

Илгарироқ 9 мартда Россия тўғридан тўғри инвестициялар фонди ва Швейцариянинг Adienne Pharma & Biotech компанияси «Спутник V» вакцинасини Италияда ишлаб чиқаришни келишиб олишганди. Шундай қилиб Италия Евроиттифоқда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқарадиган илк давлатга айланади.

Маҳаллий ишлаб чиқариш Adienne майдонида июндан бошланади ва йил сўнггигача 10 миллион дозада препарат ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Adienne Pharma & Biotech Миландаги ўзига тегишли заводда ишлаб чиқариш бўйича битим имзолаган. Россия вакцинасидан ҳали Евроиттифоқ ҳудудида фойдаланишга рухсат берилганича йўқ, лекин «Спутник V» Италияда ишлаб чиқарилган тақдирда Европа дори воситалари агентлиги (ЕМА) тасдиғисиз фойдаланилиши мумкин. Европа дори воситалари агентлиги (ЕМА)нинг ўзи 4 март куни «Спутник V» текширилиши бошланганини маълум қилди. Reuters манбасининг хабар беришича, Европа дори воситалари агентлиги вакцинани хавфсиз ва самарадор деб топган тақдирда, Европа Иттифоқининг айрим мамлакатлари «Спутник V»га бўлган муносабатни ўзгартириб, ишлаб чиқарувчилар билан музокараларга киришиши мумкин.

Мавзуга оид