Ўзбекистон | 22:09 / 16.03.2021
11266
2 дақиқада ўқилади

«2021 йилда ҳам электр энергияси тарифи оширилмайди» — Улуғбек Мустафоев

Президент Шавкат Мирзиёев 15 март куни Қашқадарё вилоятида ҳамда республика сув таъминоти, электр энергияси етказиб бериш соҳаларида жорий йилда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раиси Улуғбек Мустафоев тақдимотдан сўнг журналистлар билан мулоқот вақтида электр энергияси нархлари оширилмаётгани, тизимда бўлиб турадиган жиноятлар ҳақида фикрларини билдирди.

«Паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар белгиланган. Хусусан, 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингта трансформаторни янгилаш режалаштирилган. Бу ишлар натижасида Ўзбекистондаги 5 минг 377та маҳалланинг электр таъминоти яхшиланади.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман, бу қилинаётган ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Катта маблағ сарфланяпти, мақсад халқ манфаат топсин. Эътибор берсангиз охирги икки йилда электр энергия тарифлари оширилмаяпти. Ўша эски 295 сўм нархида.

Президентимиз 2021 йил учун ҳам тарифни оширмаслик чорасини кўриш бўйича топшириқ берди. Ҳамма нарса ошяпти, лекин электр нархи ошгани йўқ. Давлат раҳбари бизга таннархни камайтириш масаласини қўймоқда.

Беш бармоқ баробар эмас. Ҳозирда 25 минг атрофида инсон меҳнат қиляпти. Тизимда ўғриликлар, ножўя қилинаётган ишлар жуда кўп», –  деди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раиси Улуғбек Мустафоев.

Мавзуга оид