Ўзбекистон | 17:21 / 17.03.2021
16047
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Юсупалиев: «Эмланиш ихтиёрий, ҳеч ким мажбурланмайди»

Бугун, 17 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “СOVID-19 билан боғлиқ бугунги вазият, вакцинация жараёнларига тайёргарлик” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.

ОАВ вакиллари иштирокидаги бу анжуманда кўпчилик кутганидек асосий саволлар COVID-19’га қарши AstraZeneca вакцинасидан фавқулодда вазиятларда фойдаланиш бўйича бўлди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев саволларга жавоб бераркан, Ўзбекистон фақат AstraZeneca вакцинаси билан чекланмаслигини билдирди.

“Ўзбекистон фақат AstraZeneca вакцинаси билан чекланиб қолмайди, жараён давом этади. Бошқа вакциналар ҳам ўрганилади ва олиб келинади. Ҳар қандай вакцинани олиш ва келтириш жуда мураккаб жараён. Кўпчиликда AstraZeneca вакцинаси бўйича турли ҳадиклар бор. Лекин бир нарсани унутмаслик керак – ҳеч ким мажбурлаб эмланмайди. Эмланиш ихтиёрий.

Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман, дунёнинг ҳеч бир давлатида AstraZeneca вакцинасидан воз кечилмаган, фақат қўллаш вақтинча тўхтатилган ҳолатлар бор. Чунки кўп давлатларда 65 ёшдан юқорилар биринчи бўлиб эмланди, уларда турли асоратлар эҳтимоли юқори. Умуман, нафақат коронавирус, балки барча касалликларга қарши эмлашда асоратлар бўлиши мумкин. Ҳозир ҳам жуда кўп касалликларга қарши эмлаш олиб бориляпти, лекин улар ҳеч кимни қизиқтирмайди, чунки тизим йўлга қўйилган. Худди шундай, бу касалликда ҳам тизимни йўлга қўйиб олсак, саволларга ўрин қолмайди”, – дея Баҳодир Юсупалиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзода 190 давлатнинг 98таси вакцинани ўзи сотиб олиши, қолганига бепул берилишини маълум қилганди.

Мавзуга оид