Жаҳон | 23:47 / 19.03.2021
6524
2 дақиқада ўқилади

Saudi Aramco’нинг Ар-Риёддаги нефт объекти дронлар ҳужумига учради

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд яқинида Saudi Aramco нефт компанияси объекти дронлар ҳужумига учради. Бунинг оқибатида объектда ёнғин чиққан.

Архив фото/AFP

АР’нинг Saudi Press Agency агентлигига таяниб хабар беришича, ҳужум 19 март куни тонгда содир этилган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, компания зарар кўрмаган. Ҳужум нефт етказилишига таъсир кўрсатмаган. 

Ҳужумга учраган объект ва воқеа тафсилотлари маълум қилинмаган. Маълумотларга кўра, Saudi Aramco’нинг Ар-Риёддан шарқ томонда нефтни қайта ишловчи заводи бор. Компаниянинг ўзида ҳам бунга изоҳ берилмаган.  

Аввалроқ, 19 март куни яманлик ҳусийчилар вакили, бригада генерали Яҳё Сариё Saudi Aramco’нинг Ар-Риёддаги объектларидан бирига 6та дрон учирилгани, улар берган зарбалардан бири аниқ бўлганини маълум қилган. Бироқ у бошқа тафсилотларни келтирмаган. 

Саудия Арабистони ҳукумати баёнотида эса ҳусийчилар умуман эсга олинмаган.

Ар-Риёд Яман чегарасидан 1000 км олисда жойлашганига қарамай, ҳусийчилар унга бот-бот ракеталар ва дронлар билан зарба бериб туради. Ушбу зарбалар жиддий зарар етказмаса-да, бироқ Саудия Арабистонининг йирик нефт объектларига ҳужум қилиниши ҳолатининг ўзи нефт етказишда узилишларга олиб келиши мумкин.    

Саудия Арабистони Ямандаги фуқаролик урушида президент Абд Раббо Мансур Ҳодий қўшинларини ҳусийчиларга қарши курашда қўллаб-қувватловчи халқаро коалицияга бошчилик қилади. Феврал охирида ҳусийчилар Яманга қарши тажовуз тўхтатилмагунча, Саудия Арабистонидаги объектларга зарбаларни фаоллаштиришга ваъда берганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид