Жаҳон | 21:30 / 21.03.2021
3974
3 дақиқада ўқилади

Японияда пандемия сабабли киритилган фавқулодда вазият бекор қилинди

Япония пойтахти Токио ва унга қўшни Канагава, Сайтама, Тиба префектураларида коронавирус сабабли киритилган фавқулодда вазият режими амал қилиши 22 март соат 00:00дан (Тошкент вақти билан 21 феврал) тўхтатилди.   

Фото: AP /Koji Sasahara

Бироқ ҳукумат ресторанлар ва барлар ишини назорат қилишни давом эттиради. Фавқулодда вазият бекор қилингунгача ушбу масканлар соат 20да ёпилган ва уларда соат 19дан спиртли ичимликлар сотилиши тўхтатилган. Эндиликда улар соат 21гача ишлай олади. Фуқаролар ҳамон заруратсиз уйни тарк этмасликка, хусусий бизнес эса ходимларни масофадан ишлашга ўтказишга чақирилган.

Японияда фавқулодда вазият 2,5 ой давом этди. Бунгача у 2020 йил апрел ва майида пандемиянинг биринчи тўлқини вақтида киритилганди. Чекловлар амал қилган вақтда Токио ҳудудида кунлик касалланиш даражасини 80 фоизга пасайтиришга муваффақ бўлинган. 7 январда Токио ва унга туташ учта префектурада 4,2 мингдан кўпроқ касалланиш ҳолати қайд этилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 700тага яқинни ташкил қилмоқда.

Айни вақтда Японияда биринчи навбатда коронавируснинг янги штаммларини аниқлашга эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун ПЦР-тестлар сонини 40 фоизга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, ҳукумат Японияга кириш ортидан назоратни янада кучайтирмоқчи.

Гап Япониядан учиб кетиш ва учиб келишда топшириладиган ПЦР-тестлардан ташқари, мамлакатга келганлар 3 кун давомида махсус карантин муассасаларида қолишлари кераклиги ҳақида бормоқда. Шундан кейин улар коронавирусга яна битта тест топширишлари керак бўлади. Натижа манфий чиқса, уларга уйларига кетишга рухсат берилади ва улар шундан кейин яна 2 ҳафта карантинда қолишлари керак бўлади. 

Ҳозирда Японияда бундай талаблар 24та давлатга, жумладан Британия, Венгрия, Германия, Францияга қўйилмоқда. Аммо ҳукумат уни барча давлатларга қўлламоқчи.

Вируснинг британча штамми аниқлангани билан боғлиқ ҳолда Японияда 2020 йил 28 декабрдан бери барча давлатлар фуқароларига янги визалар бериш тақиқлаб қўйилган. Айни вақтда Японияга фақатгина мамлакат фуқаролари ва у ерда доимий асосда яшовчи ҳамда узоқ муддатли визага эга бўлган хорижликлар кира олади. Бундан ташқари, Япония мамлакатга кирувчилар сонини кунига 2 минг киши билан чеклаб қўйган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид