Ўзбекистон | 12:36 / 26.03.2021
1794
3 дақиқада ўқилади

Хивада туризм соҳасида халқаро олий таълим муассасаси филиали ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “2021-2022 йилларда Хива шаҳрини комплекс ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Хива туризм ва сервис коллежи биноси негизида туризм соҳасида етук кадрлар тайёрлаш борасида халқаро нуфузли олий таълим муассасаси филиалини ташкил қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Хоразм вилояти ҳокимлигининг Урганч давлат университетига қарашли

Хива қишлоқ хўжалиги техникуми ётоқхонаси ва Тошкент шаҳар шарқшунослик институтига қарашли Хива шарқ тиллари ва хизмат кўрсатиш техникуми ишлаб чиқариш цех бинолари оптимизация натижасида бўш турганини инобатга олиб, мазкур бинолардан самарали фойдаланиш мақсадида Хива шаҳар ҳокимлиги балансига беғараз ўтказиш ҳамда аёллар ва ёшларни касбга ўқитиш маркази ҳамда ёшлар саноат зонаси ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Маданият вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Хива шаҳар ҳокимлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил якунига қадар “Ичан қалъа” давлат музейи қўриқхонаси “Карвонсарой” маданий мерос объекти негизида ҳунармандчилик маҳсулотларини мастер класс тарзида ишлаб чиқариш ва сотишга мўлжалланган “Шарқ бозори”ни ташкил қилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, уларга савдо нуқталари ташкил этиш ва аҳоли дам оладиган масканлар барпо этиш мақсадида “Ичан қалъа” давлат музейи қўриқхонаси атрофи ва Маъмун академияси хиёбони ҳудудида 4,5 км. узунликдаги сайилгоҳ ташкил қилади. Сайилгоҳ ташкил қилиш учун инвестиция дастури доирасида ҳар бир туман, шаҳарда пиёда ва велойўлакчалар ташкил этиш, ободонлаштириш учун 6,8 млрд сўм ажратилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид