Ўзбекистон | 17:48 / 27.03.2021
22390
2 дақиқада ўқилади

Фото: Тошкентга хитой–ўзбек вакцинасидан 1 млн доза олиб келинди

Бугун, 27 март куни Хитойдан Ўзбекистонга 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Хитойнинг «Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси томонидан Ўзбекистонда 3-босқич синовлари ўтказилган, ўзбекистонлик мутахассислар ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг 1 миллион дозаси Хитойдан Ўзбекистонга олиб келинди.

Тошкент халқаро аэропортидаги тадбирда президент маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов, соғлиқни сақлаш вазири А.Ҳожибоев, инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов ва бошқа масъуллар иштирок этди.

 

Феврал ойида Ўзбекистон ва Хитой янги вакцинани биргаликда ишлаб чиқариш ва фойдаланишга келишганди. 2021 йил 1 март куни ZF-UZ-VAC 2001 коронавируснинг янги типига қарши рекомбинант (CHO cell) вакцина тиббиёт амалиётида қўллаш учун тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Бундан аввалроқ, 17 март куни Ўзбекистонга 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси олиб келинган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг GAVI ташкилоти билан ҳамкорлиги доирасида йил охирига қадар мамлакатга 20 фоиз аҳолини эмлаш учун етарли даражадаги AstraZeneca вакцинасини, шприц ва хавфсиз утилизация қутиларини етказиб бериш кўзда тутилган. 

Ҳозирда эмлаш жараёнини бошлаш учун 3 минг 138та эмлаш пунктлари ҳамда 862та мобил бригадалари шай ҳолга келтирилган. Шунингдек, вакциналарни ташиш ва ҳудудларга етказиш учун ЮНИСЕФ 17та музлаткичли юк машинаси ва 206та Miniven-Labo автомобилларини тақдим этган.

Жорий йилда COVID-19’га қарши эмланиши кўзда тутилган фуқароларнинг хавф гуруҳларига кўра тақсимоти қуйидагича:

  • 65 ёшдан 74 ёшгача бўлганлар;
  • 75 ёшдан 84 ёшгача бўлганлар;
  • 85 ёш ва ундан юқори бўлганлар;
  • тиббиёт ходимлари;
  • сурункали касалликлари бор аҳоли (18-65 ёш);
  • мактаб ходимлари;
  • мактабгача таълим ходимлари;
  • қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари.

Мавзуга оид