Ўзбекистон | 15:08 / 27.03.2021
42025
2 дақиқада ўқилади

Гулжаҳон Йўлдошева иши. Айбланувчилар суддаги сўнгги сўзларини айтди

Суднинг музокара қисми ўз ишини якунлади. 29 март куни ҳукм эълон қилинади.

25 март куни Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси собиқ бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқалар иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Суднинг музокара қисми якунланди. Айбланувчилар сўнгги сўзларини айтишди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Суднинг музокара қисмида судланувчи Гулжаҳон Йўлдошева ва Алишер Дадаматов ўз музокара сўзларини ўқиб эшиттирди. Улар суддан барча тақдим этилган далил ва исботларни инобатга олган ҳолда оқилона ва адолатли ҳукм чиқаришни сўрашди.

Музокара сўзлари ўқиб эшиттирилгач, аниқланган ҳолатлар юзасидан Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров судга илтимоснома киритди. Aдвокат ўз илтимосномасида дастлабки тергов жараёнида йўл қўйилган хатоликлар юзасидан суд томонидан хабарнома беришни сўради.

Раислик этувчи томонидан суд мажлиси иштирокчиларига охирги сўз берилди. Шундан сўнг суд ҳукм чиқариш учун ўз маслаҳатхонасига кирди.

Суд мажлиси 29 мартгача танаффус эълон қилди. Шу куни иш бўйича ҳукм эълон қилинади ва дастлабки инстанция суди ўз ишини якунлайди.

Мавзуга оид