Ўзбекистон | 15:50 / 30.03.2021
24712
6 дақиқада ўқилади

Навоийда тадбиркорликнинг янги тури – сочма конлардан олтин қазиб олинмоқда

Навоий вилояти деганда кўз олдимизга катта-катта заводлар-у бепоён Қизилқум чўлидан олдин олтин келади. Чунки, дунёдаги энг кўп олтин қазиб олинадиган кон ҳам, ноқонуний равишда қўлбола усулда тилла кавлайдиган, қўлидаги тошни силаб кўрган ҳолда таркибида олтин бор-йўқлигини айта олувчи «тиллачилар» ҳам шу вилоятда.

Дарҳақиқат, Навоийга келсангиз «тиллачилар» ҳақида кўп эшитасиз. Бу фаолият ортидан худди хазина топиб олган каби бойиб кетган инсонлар хусусида турли миш-мишлар, руда (тиллачилар тилида «жила») кавлайман деб тош тагида қолиб, умри хазон бўлган йигитлар тўғрисида аччиқ ҳақиқатлар бор. Аммо бугунги кунга келиб, таваккалчилик асосида олтин излаш вилоятда тадбиркорликнинг янги кўриниши сифатида ривожланмоқда.

Президентнинг 2018 йил 26 ноябрдаги «Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан кейин республиканинг айрим вилоятларида, хусусан, Навоийда ҳам Вазирлар Маҳкамасининг белгиланган Низоми асосида ер қаъри участкалари аукционда сотувга чиқарилди.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозиргача онлайн-аукцион орқали Навоий вилоятида 141та ер қаъри участкаси — сочма конлар сотилиб, тадбиркорлар лицензия асосида фаолият юритиб келмоқда.

Таваккалчилик асосида сочма конлардан қимматбаҳо металл қандай қилиб қазиб олинади? Кўпчиликка қизиқ бўлган ушбу саволга жавоб олиш мақсадида олтин изловчи тадбиркор Озодхўжа Эшонхўжаев фаолияти билан танишдик.   

Навоий шаҳрининг шовқинли ҳаётидан узилиб, Навбаҳор тумани кенгликларига чиқиб, Сармишсой сари йўл олдик. Ўзининг қоялардаги суратлари билан машҳур бўлган Сармишсой аслида фойдали қазилмаларга ҳам бой.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги кон геология фаолиятини назорат қилиш Самарқанд-Бухоро минтақавий инспекцияси бош мутахассиси Ўрол Фахриддиновнинг таъкидлашича, тоғларга туташ Сармишсой бир пайтлари тўлиб оққан. Натижада сой суви ўзи билан бирга тоғ жинслари, жумладан, табиий олтин бўлакларини (самородоклар) оқизиб келган.

Олтин изловчи тадбиркорни белкурак билан ер кавлаётган одамдек тасаввур қилгандик. Аммо манзилга етиб боргач, бутунлай бошқа манзарага кўзимиз тушди. Икки томони қир-адирликдан иборат бўлган сой ичида экскаватор ва юклагичлар, юк машиналари ишламоқда.

Тадбиркор Озодхўжа Эшонхўжаев 2019 йилда аукцион орқали 1 гектар майдондаги ер қаъри участкасини ютиб олган ва 2020 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. 20 кишини иш билан таъминлаган тадбиркор олтин излаб топиш бир неча босқичли жараён эканини айтиб ўтди. Аввалига сой тоши техникалар орқали кавлаб олиниб, махсус ускуна ёрдамида ювилади. Яъни «элакдан ўтказилади».

«Ҳозирги кунда 2та техникамиз ишлаяпти. «Жила»миз очилса, вақтинча қўшимча техникаларни олиб келамиз. Улар юкни ташиб бўлгач, яна қайтиб кетади. Қазиб олинган қимматбаҳо металларни «Навоий кон металлургия комбинати»да ташкил қилинган махсус қабул кассага ва лицензия асосида фаолият юритувчи заргарларга топширамиз», — дейди тадбиркор. 

Озодхўжа Эшонхўжаевдан бир ойда қанча миқдорда олтин қазиб олиши ва уни заргар ҳамда махсус қабул кассаларига неча сўмдан сотиши ҳақида сўрадик. Аммо тадбиркор бу маълумотлар сир сақланиши, бу рақамларни ошкор қила олмаслигини билдирди.

Ишчи Шерали Ҳожиевнинг таъкидлашича, махсус ускуна кондан қазиб олинган тошнинг йирикларини алоҳида ажратади. Сув орқали ювилганда, таркибида олтин бор қисми оқиб кетмасдан, чўкиб қолади.

Навбатдаги жараён ҳам бевосита сув билан боғлиқ экан. Қия шаклдаги ускунанинг тепа қисмидан шланг ёрдамида сув оқизиб қўйилган. Биринчи босқичдан ўтган хомашё сув билан бирга оқизилади. Натижада, тупроқ қисми оқиб кетиб, оғир рангли металлар махсус таг қисмда тўпланиб қолади. Энг сўнгги босқич тарнов деб аталувчи кичик ускунада амалга оширилади. Бу ерда майда тошлар орасидан олтин ажратиб олинади.

Мутахассис Ўрол Фахриддиновнинг айтишича, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан участка ҳудудлари шакллантирилиб, аукцион орқали савдога қўйилгач, бугунги кунгача Навоий вилоятида 141та, Самарқанд вилоятида 50 та ер қаъри участкасига лицензия расмийлаштириб берилган.

«Ҳозирда Сармишсойда 20 нафар тадбиркор шундай фаолият билан шуғулланмоқда. Бу ерда оддий усулда, яъни сочма олтин конларидан фойдали қазилмани қазиб олиш ва ювиш орқали унинг таркибидаги олтин ажратиб олинади.

Афсуски, вилоят ҳудудида қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. 2020 йил ва жорий йилнинг бугунги кунигача бўлган муддатда Навоий вилояти ҳамда қўшни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олаётган 109 нафар шахс аниқланиб, уларга маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланган. Ноқонуний фаолият юритаётганлар хавфсизлик қоидаларига амал қилишмайди. Бунинг оқибатида тош босиб, ҳалок бўлиш ёки оғир тан жароҳати олиш ҳолатлари учраяпти», — дейди Ўрол Фахриддинов.

Мухтасар қилиб айтганда, таваккалчилик асосида олтин излаш кўпчилик ўйлагани каби осон иш эмаслигига амин бўлдик. Аммо ушбу фаолият ҳудуддаги ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашда катта имконият бўлиши ҳам мумкин.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Жаҳонгир Алибоев, монтаж устаси.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид