Самарқандда ушлаб қолинган шер боласи Тошкент ҳайвонот боғига олиб келинди
27 март куни Самарқанд шаҳрида ноқонуний олиб кетилаётганда ушлаб қолинган шер боласи Тошкент ҳайвонот боғига олиб келинди. Маълум бўлишича, Африка шерининг соғлигида муаммолар бор.
Мушуксимонлар оиласига мансуб Африка шерининг боласи тахминан бир ёшда бўлиб, ташқи кўринишидан соғлом кўринса-да, унинг чап олд оёғи сингани, чап орқа оёғида жароҳат борлиги ва чап кўзига парда тушгани аниқланган.
«Ҳозирда жониворнинг соғлиғини тиклаш ҳамда шароитга мослаштириш чоралари кўрилмоқда», – дейилади Экопартия матбуот хизмати Kun.uz'га тақдим этган ахборотда.
Эслатиб ўтамиз, 27 март куни Самарқанд вилояти Экология қўмитаси ва вилоят ИИБ ҳамкорлигида ўтказилаётган рейд давомида Самарқанддаги «Юқори нуқта» ЙРХ масканида «Нексия» автомобили тўхтатилган. Қашқадарёдан Андижонга томон ҳаракатланаётган бу машина салони кўздан кечирилганда, унда шер боласи борлиги маълум бўлади.
Ҳайдовчидан жониворни боқиш ва сақлаш учун ҳужжатлар сўралганда, у турли баҳоналар билан шер боласини ташлаб қочиб кетган. Шер боласи ЙПХ масканида олиб қолинган ва ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Тошкентдаги зоопаркка олиб келингунга қадар шер Самарқанд вилояти Экология бошқармасида сақланган.
Кейинги тезкор тадбирлар давомида ҳайдовчи ушланган ва айни пайтда дастлабки суриштирувлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта парламентда жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш масаласи муҳокама қилинганди.
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024