Жамият | 19:31 / 31.03.2021
2216
1 дақиқада ўқилади

Бухорода 3 та янги боғча иш бошлади

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида 2 та ва Ромитан туманида 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Мазкур МТТларга болаларни қабул қилишда маҳалладаги кам таъминлаган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун 50 фоиз чегирма жорий қилинган. 

Қоракўл туманининг Човли маҳалласида қурилган 90 ўринли 32-сонли МТТнинг барпо этилишига 2 млрд 531 млн сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, туманнинг Деҳқонобод маҳалласидаги 31-умумтаълим мактабининг бўш турган эски биноси Инвестиция дастури доирасида 2,3 млрд сўмга мукаммал таъмирланиб, 100 ўринли боғчага айлантирилди. 

Бухоро вилояти Мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, Қоракўл туманида 3-7 ёшли болалар сони 13 201 нафарни ташкил қилади. Айни пайтда, шундан 6 893 нафари МТТларга қамраб олинган. 

Шунингдек, Ромитан туманининг Навбаҳор маҳалласида «Обод қишлоқ» давлат дастури асосида 140 ўринга мўлжалланган 15-сонли МТТ қурилди. Унинг барпо этилишига маҳаллий бюджетдан 1 млрд 321,7 млн сўм сарфланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид