Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Урганчлик тадбиркор аукционда ютиб олган мулкдан фойдалана олмаяпти
Хоразм вилоятида фаолият юритувчи тадбиркор 2020 йилда 43,5 млн сўм ижара тўловини амалга ошириш шарти билан Урганч шаҳридаги бинонинг бир қисмини аукционда ютиб олган. Аммо у қарийб 1 йилдан бери бу мулкдан фойдалана олмаяпти.
Нима воқеа юз берди?
Урганч шаҳар, Ислом Каримов кўчасидаги 16-уй биноси (собиқ «Матбуот уйи») Мудофаа вазирлигига қарашли «Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми» тасарруфида ҳисобланади. Бинонинг 500 кв.м. ҳудудга эга «фаоллар зали» 2020 йилда E-auksion электрон савдо майдончаси орқали ижара савдосига қўйилган.
2020 йил 9 апрель куни ўтказилган аукцион савдосида ELCOMAX BIZNESS МЧЖ уни 43,5 млн сўм ижара тўловини амалга ошириш шарти билан ютиб чиққан. Бироқ, МЧЖ раҳбари Элёрбек Гаипов қарийб 1 йилдан бери мулкдан фойдалана олмаяпти.

Муаммо нимада?
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси берган маълумотга кўра, тадбиркор дуч келган муаммонинг асосий сабаби – олдинги ижарачи томонидан бино бўшатиб берилмаганидир.
«Ижара шартномаси бекор бўлишига қарамай, бино ҳудудининг олдинги ижарачиси «Сафарниёз Хайрулла» хусусий корхонаси раҳбари Нурия Сафарниязова пандемия сабабли жорий қилинган карантинни рўкач қилиб, «фаоллар зали»ни «Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми»га қайтариб топширмаган. Шу билан бирга, Нурия Сафарниязова бино ҳудудида таъмирлаш ишлари ўтказганини рўкач қилиб, объектни бўшатиб бермаслик мақсадида турли инстанцияларга шикоят қилиб келмоқда», дейилади маълумотда.
Ҳудудий бошқарма томонидан «Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми»га аукцион ғолиби бўлмиш ELCOMAX BIZNESS МЧЖ билан ижара шартномаси орқали мулкни фойдаланишга бериш лозимлиги ҳақида 2 та огоҳлантириш хати юборилган.
Бошқарма берган маълумотга кўра, «Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми» бино ҳудудидан ноқонуний фойдаланиб келаётган «Сафарниёз Хайрулла» хусусий корхонасини бинодан чиқариш бўйича Хоразм вилояти судига 2020 йил 19 июнь куни даъво аризаси киритган. Аммо суднинг ҳал қилув қарори ҳанузгача қабул қилинмаган.

«Фаоллар зали» ёпиқ, олдинги ижарачи топилмади
Ҳолатни ўрганиш жараёнида 500 кв.м. ҳудудга эга «фаоллар зали» эшиги ёпиб қўйилганини кўрдик. Мулкнинг олдинги ижарачиси «Сафарниёз Хайрулла» хусусий корхонаси раҳбари Нурия Сафарниязова билан боғланишнинг эса иложи бўлмади. У барча қўнғироқларни жавобсиз қолдирди.
Мулк эгасининг фикри қандай?
«Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми» аукционда ғолиб чиққан тадбиркор билан нима учун шартнома тузилмаётгани ҳақида бошқача сабаб кўрсатган ҳолда маълумот берди.
«Ҳозирги вақтда 500 кв.м. бўлган «фаоллар зали»ни Хоразм вилояти ҳокимлиги балансига ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланиб, айни вақтда келишиш учун вазирликларга юборилган. Шу боис, мазкур бинодаги 500 кв.м.ни ташкил этган майдонни ижарага бериш бўйича шартнома тузилмаслиги ҳақида Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасига маълумот юборилган», - дейилади маълумотда.
Хатда олдинги ижарачи «Сафарниёз Хайрулла» хусусий корхонасини бинодан чиқариш бўйича судга мурожаат этилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Асосий савол жавобсиз қолдирилди
Ушбу можаро бир неча саволларни келтириб чиқармоқда.
Биринчидан, нима учун «Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми» аввалги ижарачини бинодан чиқариб юбормасдан, уни аукционга қўйди? Бинонинг бир қисми ижарачидан қайтариб олиниши, ҳужжатлаштирилиши, ана шундан кейин аукционга қўйилиши мантиқан тўғри эмасми?
Иккинчидан, нима учун бинонинг 500 кв.м. бўлган «фаоллар зали» Хоразм вилояти ҳокимлиги балансига ўтказилиши керак? Агар шундай бўлса, нега у аукционга қўйилганди?
Афсуски, «Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми» муаммонинг илдизи бўлиб турган бу саволларни жавобсиз қолдирди.
Ачинарли хулоса
Бўш турган давлат активлари, бинолар ёки уларнинг бир қисмини ижарага бериш – бюджетни қўшимча даромад билан тўлдиришга, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлардан бири эди. Аммо, аукционда ғолиб чиққан бўлишига қарамай, тадбиркор мулкдан фойдалана олмаса, бу чоралар қандай самара бериши мумкин?
ELCOMAX BIZNESS МЧЖ раҳбари Элёрбек Гаипов ушбу бинонинг бошқа қисмида бир неча йиллардан бери тадбиркорлик қилиб келмоқда. У фойдаланилмай турган майдонни ижарага олиб, фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилган эди. 43,5 млн сўм оз маблағ эмас, албатта ушбу маблағ бюджет учун ортиқча бўлмас эди. Агар аукцион талаблари бажарилса, тадбиркор мулкни ижарага олса, ўз даромадини ошириши, ўз-ўзидан бюджетга солиқ тушуми ҳам ортиши мумкин эди.
Элёрбек Гаипов бу мавзуда бир неча идораларга шикоят қилган. Улар эса судга мурожаат қилишни тавсия этишган. Қизиқ ҳолат, тадбиркор кимошди савдосида ютиб чиқиб, мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган, ижара ҳақини тўлашга тайёр турган бўлса, ушбу мулкдан фойдаланиш ўрнига судларда сарсон бўлиши керакми?
Дарвоқе, тадбиркор Элёрбек Гаипов “онлайн аукцион” аталмиш бу номукаммал тизим ноқисликларининг биринчи қурбони эмас, охири ҳам эмасдир балки...
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга доир мақолалар:
Мавзуга оид
14:39 / 13.05.2025
Урганчга Хитойдан 30 та автобус олиб келинди
12:33 / 02.05.2025
«Бунда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳ ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради» — президент чипталар нархи ҳақида
20:33 / 01.05.2025
Президент Урганч шаҳрида жамоат транспорти фаолияти билан танишди
15:41 / 01.05.2025