Ўзбекистон | 11:31 / 02.04.2021
2537
2 дақиқада ўқилади

2021 йил ягона порталда ишга тушириладиган 60та янги хизмат тасдиқланди

2021 йилда талабгорлиги юқори бўлган 60та давлат хизматини Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) жорий қилиш кўзда тутилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хабарига кўра, вазирлик томонидан тайёрланган дастур лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтди ва бош вазир томонидан тасдиқланди.

Дастурга кўра, давлат бошқаруви органлари, вазирлик ва идоралар томонидан анъанавий тарзда ёки бошқа манбалар орқали электрон кўрсатилаётган давлат хизматларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатишни йўлга қўйиш белгиланган.

Маълум қилинишича, йил давомида жами 60та янги хизмат ишга туширилади. Рўйхатга:

  • фуқароликка қабул қилиш учун ариза юбориш;
  • автомобилни техник кўрикдан ўтказиш учун онлайн тўловларини амалга ошириш;
  • республикадан чиқишга чекловлар мавжудлигини текшириш;
  • иш даромадлари тўғрисида маълумотнома олиш;
  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи ҳолати ҳақида маълумот олиш;
  • олий ўқув юртларига ҳужжатларни қабул қилиш;
  • автотранспорт воситаларини онлайн рўйхатдан ўтказиш;
  • автотранспорт воситаси давлат рақами ва техник паспортини ўзгартириш учун ариза юбориш;
  • олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжатларини топшириш;
  • меҳнат дафтарчасидан кўчирма олиш;
  • сайлов участкасини аниқлаш ёки ўзгартириш каби хизматлар киритилган.

Таъкидланишича, дастурда давлат хизматларини тўлиқ масофадан кўрсатиш бўйича жараёнларни автоматлаштириш ва хизмат кўрсатиш босқичларини максимал даражада оптималлаштириш мақсад қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид