Жамият | 19:21 / 02.04.2021
1978
2 дақиқада ўқилади

5-9 апрель кунлари Ўзбекистонда «Китобхонлик ҳафталиги» бўлиб ўтади

Миллий дастурга асосан энди ҳар йили апрель ойида «Китобхонлик ҳафталиги» ташкил қилинади. Бу ҳақда 2 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим бошлиғи Артур Кан маълум қилди.

«Жорий йилнинг 5-9 апрель кунлари Ўзбекистонда илк маротаба «Китобхонлик ҳафталиги» бўлиб ўтади. Мазкур тадбирнинг очилиш маросими Ёшлар ижоди саройида 5 апрель куни бўлиб ўтади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги 781-сонли қарори асосида ташкил этилаётган ҳафталик Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида, Республика Ёшлар ижоди саройида, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар ахборот кутубхона марказларида ўтказилади. Яратилган миллий дастурга асосан энди ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтасида «Китобхонлик ҳафталиги» ташкил қилинади.

Ҳафталик доирасида 30дан ортиқ етакчи нашриётларида сўнгги йилларда чоп этилган 100га яқин китоблар тақдимотлари, Алишер Навоийнинг 580 йиллиги, Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг 80 йиллиги, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллиги, шунингдек, ўзбек эстрада санъатининг асосчиси Ботир Зокировнинг 85 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Шунингдек, соҳибқирон Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва жасорати тўғрисида чоп этилган янги китоблар тақдимоти ўтказилади. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш