Ўзбекистон | 16:23 / 05.04.2021
16972
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларни апрел ойида қандай об-ҳаво кутмоқда?

Ўзбекистонда апрел ойи об-ҳавонинг беқарорлиги билан ажралиб туради. Одатда момақалдироқ ва шиддатли шамол билан ёмғир тез-тез ёғади. Республика шимоли, жанубининг энг чеккаси ва чўл ҳудудларида ой учун ўртача 5 кундан 8 кунгача, тоғларга яқинроқ ҳудудларда 9-13 кунгача ёғингарчилик бўлади.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихи давомида турли хил апрел ойлари кузатилган. Экстремал қуруқ, ёғингарчилик умуман бўлмаган ёки уларнинг ойлик миқдори меъёрдан 10 фоиздан кўп бўлмаган. 

Тошкентда 1975 йил апрел ойи энг қуруқ бўлган йилга айланган. Ёғингарчилик атиги икки марта бўлган ва уларнинг миқдори 2 мм.ни ташкил этган, бу апрел ойи меъёрининг 3 фоизини ташкил этади. 1990 йил апрел ойи энг нам бўлган йил сифатида қайд этилган, бунда бир ойда ёғингарчилик ойлик меъёрдан 300 фоиз атрофида бўлган, ёғингарчилик кузатилган кунлар сони 19 кунни ташкил этган.

Метеорологик кузатувларнинг бутун тарихида кеча-кундуз учун ёғингарчилик бўйича рекорд 2009 йилнинг 8 апрел куни қайд қилинган. Ушбу кунда Тошкентда 65 мм ёмғир ёғган, бунда апрел ойининг ойлик меъёри 62 мм.ни ташкил этган.

Одатда апрель ойининг ҳарорат фони ҳам беқарор бўлади. Ҳавонинг жадал исиши, қисқа муддатга ҳароратнинг совуқ даражагача пасайиши, деярли совуқ билан алмашиши мумкин. Ўзбекистон аҳолиси ўтган йилги апрел ойининг биринчи ўн кунлиги охирида қор ёғганини, бундай қор ҳатто қишда ҳам ёғмаганини эсласа керак.

Синоптиклар прогнозларига кўра, бу йилнинг апрел ойи илиқ бўлади, ҳудудларнинг кўп қисмида одатдагидан 1-2 даражага илиқроқ бўлади.

4 апрел, якшанба куни ва душанбага ўтар кечаси Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёмғир ёғиб ўтди, тоғолди ва тоғли ҳудудларда кучли бўлди, баланд тоғларда ёмғир қорга айланди.

Бугунги кундан бошлаб ва ойнинг ўртасигача республика бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

Ҳаво ҳарорати кечалари 6-11 даража илиқ, кундуз кунлари 19-24 даража иссиқ атрофида бўлади. Республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида ойнинг биринчи ўн кунлигида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 26-29 даража иссиққача кўтарилади. 

Ойнинг иккинчи ўн кунлигида ҳарорат кечалари 10-15 даража илиқ атрофида, кундуз кунлари эса ҳарорат 20-25 даража иссиқдан 25-30 даража иссиққача ўзгариб туради.

“Умуман олганда, жорий йилнинг апрел ойида ёғингарчилик меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда, аммо баъзи кунларда шиддатли ёмғир ёғиши мумкин. Кучли, тошқин ёмғирлар республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида селларни вужудга келтириши мумкин, баланд тоғларда қор кўчиши хавфи сақланиб туради”, дейилади “Ўзгидромет” маълумотида.

Мавзуга оид