Жамият | 21:50 / 06.04.2021
3107
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ИИБ ходимига пора бермоқчи бўлган мансабдор қўлга олинди

Навоий вилоятида «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» корхонасида раҳбар лавозимларидан бирида ишловчи шахс ўз ходимларининг жиноятига чора кўрмаслик учун ИИБ ходимига пора бермоқчи бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Навоий вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими профилактика катта инспектори катта лейтенант Ф.Ж.Азимов вазифасидан келиб чиққан ҳолда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК ишчиси А.Б ва бошқа темир йўл ходимлари дизель ёнилғисини талон-торож қилганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказган.

Шундан сўнг, мазкур корхона раҳбариятидан ўзини А.С. деб таништирган шахс қўл остидаги ишчиларига нисбатан тўпланган ҳужжатларни ижобий ҳал қилиб бериш, яъни дизель ёнилғисини талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан чора кўрмаслик эвазига дастлаб тахминан 5 миллион сўмни пора сифатида тақдим қилмоқчи бўлган.

Инспектор мазкур шахснинг қилаётган хатти-ҳаракатлари қонунга зид экани, бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилишини айтиб огоҳлантирганига қарамай, А.С пора таклиф қилишда давом этган.

ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармаси Навоий вилоят бўйича бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбир давомида А.С. қўл остидаги ходимларга чора кўрмаслик эвазига 2 980 000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бераётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Қайд этилишича, А.С.га нисбатан жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид