Спорт | 11:09 / 07.04.2021
19455
9 дақиқада ўқилади

Навбатдаги чемпионлик фантастика эмас. «Реал» «Ливерпуль»ни осон енгди

Қаймоқранглилар «Ливерпуль»ни сочиб ташлади — 3:1.

Фото: AFP

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Биринчи ўйин
«Реал» — «Ливерпуль» — 3:1
(2:0)
Голлар: Винисиус Жуниор, 27 (1:0). Асенсио, 36 (2:0). Салоҳ, 51 (2:1). Винисиус Жуниор, 65 (3:1).
«Реал»: Куртуа, Начо, Менди, Эдер Милитао, Модрич, Кроос, Каземиро, Бензема, Васкес, Асенсио (Вальверде, 70), Винисиус Жуниор (Родриго, 85).
«Ливерпуль»: Алиссон, Робертсон, Александр-Арнолд, Филлипс, Ўзан Кабак (Шақири, 81), Вейналдум, Фабинью, Кейта (Тиаго Алькантара, 42), Салоҳ, Мане, Жота (Роберто Фирмино, 81).
Огоҳлантиришлар: Мане, 39. Васкес, 49. Тиаго Алькантара, 56. Александр-Арнолд, 83.
Ҳакам: Брих (Германия).
6 апрел. Мадрид. «Альфредо ди Стефано» стадиони.

Мезбонлардан Серхио Рамос, Рафаэль Варан ва Дани Карвахалсиз ўйнай олмасди. Бошқа томондан Милитао, Начо ва Лукас Васкес — бошланғич таркибда. Меҳмонларда Виржийл ван Дейк, Жо Гомез, Жоэль Матип ва Жордан Ҳендерсон майдонга тушмаслиги маълум эди. Клопп ҳимоя марказида Натаниэл Филлипс — Ўзан Кабак жуфтлигини туширишга мажбур эди. Милитао ва Начо — Филлипс ва Кабак билан солиштирганда бир бош баланд туриши маълум, аммо бу жуфтлик доим ҳам бирга ҳаракат қилавермайди. Аммо, бошқа тарафдан кучларнинг бундай тақсимотидан ўйин голларга бой бўлишини кутиш мумкин эди.

Булар бир қарашда уйғонадиган таассуротдир. Чунки Рамос, Варан, ван Дейк — улар шунчаки ҳимоя билан шуғулланадиган футболчилармас. Улар биринчи пасни беришади, прессингларга қарши туришади — умуман олганда, ҳужумларни бошлаб беришади. Бу маънода «Реал»нинг ресурслари кўп эди, Зинедин Зидан эса бу кучдан ақл билан фойдаланди.

«Ливерпуль» дам олиш кунларида «Арсенал»га қарши ажойиб ўйин ўтказган ва барча қизиллар ўтган йилги даражасига қайтаётгани ҳақида гапира бошлаганди. Аммо ҳозирги «Арсенал» таққослаш учун муносиб рақибми?

«Ливерпуль»нинг босимидан чиқиш учун Мадрид жуда оддий йўл танлади — Винисиусга узун диагоналлар узатиш. Таркибда Кроос ва Модрич борлиги бу ишни маромида уддалашга имкон берди. Биринчи ва иккинчи голлар урилган вазиятларда германиялик футболчида барчасини режалаштириш ва баҳолаш учун керагидан ортиқ вақт ва очиқ ҳудудлар бўлди — унга икки ҳолатда ҳам алоҳида босим ўтказишмаганди.

Чап қанотдан марказга яқинроқ ўйнаган бразилиялик ҳужумчи Трент ва Филиппсдан осонлик билан қочиб кетди ва Кросснинг узатмасини елкаси билан тўғрилаб олиб, Алиссонни доғда қолдирди.

Биринчи гол «Ливерпуль»ни уйғотишдан кўра, «Реал»ни илҳомлантирди. Кўп ўтмай иккинчи гол урилди: яна Кросс ва яна ҳимоядаги хато. Бу вазиятда Трент Александр-Арнольд қўпол хатога йўл қўйди. «Ливерпуль»нинг ўнг қанот ҳимоячиси фаолиятида илк марта жиддий пасайишни бошдан кечирмоқда, уни терма жамоага ҳам чақирмай қўйишди, аммо «Арсенал» билан ўйиндаги ҳаракатларидан кейин аввалги ТАА қайтгандек тасаввур ҳосил бўлганди. Аммо Мадриддаги ўйин у учун жуда муваффақиятсиз кечди. У ҳар доимгидек олдинроққа чиқиб ўйнади, бундан эса Винисиус фойдаланди, қолаверса, Филлипса ва Кабак унинг орқасини яхши ёпа олишмади. «Ливерпуль» ўйин давомида кўп бор тўп йўқотди – Трентнинг ўзида биринчи бўлимда 13 бор йўқотиш бўлди.

Иккинчи гол урилган вақтда Трент тойиб кетди ва тўпни Марко Асенсиога топшириб қўйди, испаниялик ҳужумчи эса тўпни Алиссон устидан ошириб ўтиб, кейин бўш дарвозани ишғол қилди.

Трент эса ўйин охирида асабларини жиловлай олмади ва қанот ҳакамига бақириб қолди, лекин ҳакам унга сариқ карточка кўрсатиб ўтирмади.

Иккинчи қанотда Асенсио ва Васкес томонидан доимий равишда босим остида қолган Энди Робертсоннинг ўйини ҳам чиқмади. Шундай қилиб, ўтган мавсумларда мерсисайдликларнинг ташриф қоғози бўлиб хизмат қилган плеймейкер-қанот ҳимоячилари иш бермади. Ачинарли натижа — биринчи бўлимда бирорта зарба берилмади. Умуман — на қийшиқ кетган ва на ҳимоячилар томонидан тўсиб қолинган зарба берилди. 42-дақиқада Наби Кейта майдондан олиниб, Тиаго Алькантара туширилиши Клоппнинг режалари хато бўлиб чиққанини тан олишидек эди.

Танаффусдан кейин «Ливерпуль» ўйинини жонлантирди, гап фақат ўйинчи алмаштиришларда эмас, жамоавий тезлик оширилди. Салоҳнинг голи шу ўзгаришлар ифодаси бўлди: меҳмонлар пас орқали рақиб прессингини енгиб, бутун майдонни кезиб ўтишди. Биринчи бўлимда жамоа айнан прессингдан чиқа олмаганди - пасларда аниқлик етишмаган, ҳаракатланишда эса тезлик. Пасларда аниқлик ва ҳаракатланишда тезкорлик пайдо бўлгач, гол ҳам келди. «Реал» бу вазиятда ҳам яхши прессинг уюштирди, аммо Александр-Арнолд тўпни Винисиусдан ўтказиб берди, Вейналдум эса ёрқин ўйин кўрсатди: мураккаб вазиятда Салоҳ билан девор ўйнаб, Каземиронинг подкатидан қутулиб қолди ва ўз вақтида Жотани тўп билан таъминлади. Португалиялик ҳужумчи эса рақиб жарима майдонига ёриб кирди ва зарба беришга ҳаракат қилди, аммо унинг зарбаси Модричга тегиб йўналишини ўзгартирди, тўпга Муҳаммад Салоҳ биринчи етиб келиб, сафардаги муҳим голни урди. Вазият VAR томонидан текширилди - якунда Салоҳ Васкес туфайли офсайддан қутулиб қолгани маълум бўлди.

Мисрлик ҳужумчининг голидан кейин икки томон ҳам ҳужумларни кўпайтирди. Лекин голни яна мезбонлар уришди - Винисиус фаолиятида ЕЧЛ ўйинида илк бор дубль қайд этди. Модрич қанотдан жарима майдонига осонлик билан кириб, қулай вазиятда турган бразилиялик футболчига тўпни узатди, у эса ҳеч қандай қаршиликка учрамай тўпни дарвозага йўналтирди.

Сўнгги ўн дақиқаликда «Ливерпуль» майдон эгаларини жарима майдонига қамаб қўйди, аммо энди кеч эди. Рамос ва Варансиз ҳам ҳимоя туриб берди.

Жамоалар 2018 йил Киевдаги финал ҳисобини такрорлашди. 1:3 — бу ҳукм эмас, жамоа ўз уйида 2:0 ҳисобига ўйнаши етарли бўлади. Аммо, масалан, Истанбул-2005да жамоа 30 минг мухлиси қаршисида ЕЧЛ финалини ҳис қилган ҳолда «Милан»га қарши камбек содир этган, «Барселона»-2019да ҳам инглизлар «Энфилд»ни тўлдириб ўтирган мухлислари қаршисида тўп сурганди. Жамоанинг иродаси ҳақида жавоб баҳсига қадар бутун ҳафта мобайнида гапириб юришлари тайин, аммо мухлисларсиз таққослаш ноўрин.

Қолаверса, Клопп жамоаси испанларга қарши жуда муваффақиятсиз ўйнаган: 7 мағлубият («Атлетико» ва «Реал»га икки мартадан, «Севилья», «Барса» ва «Вильярреал»га бир мартадан), икки дуранг («Севилья»га қарши ўйинлар) ва фақат икки ғалаба. Улардан бирини барча яхши эслайди («Камп Ноу»даги 0:3дан кейин «Энфилд»даги 4:0), иккинчиси 2015/16 йилги мавсумда Европа Лигаси ярим финалида «Вильярреал»га қарши ўйинда.

Жамоа «Реал»га қаторасига тўртинчи учрашувда ютқазди: ЕЧЛ финалига қадар 2014-15 йилги мавсумда ЕЧЛ гуруҳ босқичида икки мағлубият қайд этилганди.

Аммо статистика германиялик мураббийни ташвишга солмаётгани аниқ – энди жавоб баҳсига ҳужумкор тактика тузиш даркор.

«Реал»да эса қандайдир ўзгачалик бор, бу жамоа ДНКсида чемпионлик бор. Ўтган мавсумда Зидан ва жамоа «Манчестер Сити»га мағлуб бўли, Чемпионлар лигасини 1/8 финалда тарк этганини эслашнинг ҳозир аҳамияти йўқ, тан олиш керакки, қаймоқранглилар француз мураббий бошчилигида муҳим ўйинларга ажойиб тайёрланишади. Шу туфайли, унинг бошқарувида жамоа Испанияда фақат битта соврин олгани ҳолда, ЕЧЛда уч бор зафар қучган.

Афтидан, тўртинчи совринни орзу қилиш учун асослар етарли.

Мавзуга оид