Жаҳон | 18:31 / 07.04.2021
12699
3 дақиқада ўқилади

Путиннинг маслаҳатчиси Кариб оролларида 15 миллион еврога вилла сотиб олди

Россия президенти Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Валентин Юмашев ва унинг хотини Татьяна Юмашева Кариб денгизидаги Сен-Бартелеми оролида вилла сотиб олган. Бу ҳақда антикоррупцион ташкилотлар бўлган «Трансперенси интернешнл – Россия» ва «iStories»нинг биргаликда олиб борган суриштирувида айтилган.

Татьяна ва Валентин Юмашевлар

Франциядаги тижорий реестрлардан бири 2020 йил Юмашевлар айнан Сен-Бартелеми оролида CDA компаниясини қўлга киритганини рўйхатга олган. Бу корхона кўчмас мулк савдоси билан шуғулланиши белгиланган. Савдо вақтида Юмашевлар Кариб ҳавзасидаги Сен-Бартелеми оролида вилла ҳам сотиб олган. Океан соҳилидан 160 метр юқорида жойлашган 2,5 минг квадрат метр вилла 15 миллион еврога баҳоланган. Олди-сотди шартномасига Валентин Юмашев CDA компанияси вакили сифатида қўл қўйган.

Юмашев суриштирув давомида вилла унга тегишли эканини тасдиқлаган. Унинг айтишича, қимматбаҳо виллани ишлаб топган ва солиғи тўланган пулларига сотиб олган. Етмаганига эса Россиядаги бир банкдан кредит олган.

Маълумот учун, Валентин Юмашев Россия президентининг кўнгилли асосдаги маслаҳатчиси ҳисобланади. У бу лавозимда 1998 йилдан буён ишлаб келаётгани 2018 йилдагина маълум бўлди. Юмашевнинг хотини Татьяна Россия биринчи президенти Борис Елциннинг қизи. Ҳозир улар «Елцин маркази»нинг васийлик кенгаши аъзоси ҳисобланади.  

Елциннинг куёви Валентин Юмашев 1997-98 йилларда президент администрацияси раҳбари бўлган. Татьяна Юмашева эса отаси президент бўлган 1996-99 йилларда унга маслаҳатчи бўлган. Эр-хотин Юмашевлар расман Россия сиёсий ҳаётини тарк этган бўлса-да, ҳамон мамлакатнинг таъсири катта инсонлари қаторида тилга олинади.

2010 йил Татьяна Юмашева Францияда кўчмас мулки борлиги ҳақида саволга жавоб берар экан шундай деганди: «Дунёда менга тегишли экани айтиладиган кўчмас мулклар жуда кўп. Сизга бир гапни айтаман, кимки дунёнинг бирор нуқтасида гўёки менга тегишли экани айтилган кўчмас мулкни кўриб қолса, бемалол ўзига олаверсин, мен рухсат бераман».

Мавзуга оид