Спорт | 12:31 / 08.04.2021
21083
6 дақиқада ўқилади

«Бавария» — «ПСЖ»: Парижнинг қасоси. Биринчи саҳна

Чемпионлар лигасининг ўтган мавсуми финалчилари Мюнхенда ёрқин ўйин кўрсатишди ва бу ўйин ўтган мавсум финалида «Бавария»га ютқазган «ПСЖ»нинг ғалабаси билан якунланди (3:2).

Фото Reuters

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Биринчи ўйин
«Бавария» — «ПСЖ» — 2:3 (1:2)
Голлар: Мбаппе, 3 (0:1). Маркиньос, 28 (0:2). Шупо-Мотинг, 37 (1:2). Мюллер, 60 (2:2). Мбаппе, 68 (2:3).
«Бавария»: Нойер, Алаба, Зюле (Боатенг, 42), Эрнандез, Павар, Киммих, Мюллер, Коман, Горецка (Дэйвис, 33), Шупо-Мотинг, Сане.
«ПСЖ»: Навас, Маркиньос (Эррера, 30), Кимпембе, Диалло (Баккер, 46), Дагба, Гейе, Дракслер, Данилу Перейра, Ди Мария (Кин, 71), Неймар (Рафинья, 90), Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Эрнандез, 35. Дракслер, 62. Киммих, 70. Боатенг, 72. Шупо-Мотинг, 89.
Ҳакам: Матеу Лаос (Испания).
7 апрел. Мюнхен. «Алльянц Арена» стадиони.

Чоршанба куни Мюнхенда қор ёғди. Германияда одатда бундай шароитдаги футбол Рождество кунларида — Бундеслиганинг биринчи даврасининг сўнгги турида кузатиларди. Афтидан, ноодатий об-ҳаво ҳам бу оқшом мухлисларни қандайдир ўзгача ўйин кутаётганидан дарак берарди. Бу ўтган мавсум финали ремейки эмас, янги ва жозибадор тарих бўлишини кўпчилик ҳис қилиб турарди.

Солиштиришлардан қочиб бўлмасди, фақат етти ярим ой ичида кўп нарса ўзгарди. «Бавария» мухлислари илоҳийлаштираёзган Ҳанс Флик спорт директори Ҳасан Салиҳамиджич билан тил топиша олмаяпти ва Германиядан келаётган хабарларга кўра, ёзда клубни тарк этиши мумкин. «ПСЖ» эса янги йилни янги бош мураббий Маурисио Почеттино билан кутиб олган.

Аргентиналик мутахассиснинг ишидан хулосалар қилишга ҳали эрта, ҳозирги таассуротлар ҳеч нарсани англатмайди. Жамоа ўтган босқичда «Барселона»га қарши «Камп Ноу»да кечган ўйинда тўла устунликка эришганида мураббийнинг ҳам қўли бор. Бошқа томондан — парижликлар Франция чемпионатида ўзларига хос бўлмаган иккинчи ўринда кетишмоқда, Покеттино қисқа вақт ичида нафақат тўғридан тўғри рақиблари «Монако» ва «Лилль»га, балки лигада қолиш учун курашаётган «Лорьян» ва «Нант»га ҳам ютқазди.

Соддароқ айтганда, ҳозирги «ПСЖ» энди Томас Тухелнинг давридаги жамоа эмас, шу билан бирга, ҳали Почеттино жамоасига айлана олгани йўқ. Янги жамоа тўлиқ шаклланмаган ва Неймарнинг нима қилишини олдиндан билиб бўлмайди. Тўрт кун муқаддам бразилиялик футболчи ички чемпионат ўйинида қизил карточка олганди, энди эса 30-дақиқагача икки доҳиёна пас муаллифи бўлди ва Мюнхендаги ўйин олдидан Instagram’даги саҳифасида бежиз буюк баскетболчи Коби Брайантдан иқтибос келтирмаганини исботлади: «Одамлар мен қанчалар ғалабалар шайдоси эканимни тушунишмайди».

Мбаппенинг биринчи голи урилган эпизодда кўпчилик Флик муаллифлигидаги иқтибосни эслади: «Таркибда жаҳон миқёсидаги дарвозабон борлиги — бизнинг устунлигимиз». Аммо Нойер француз ҳужумчиси зарба беришидан олдин узоқ бурчак томон йиқилди ва яқин бурчакдан гол ўтказиб юборди. Маркиньоснинг голида дарвозабонда айб йўқ эди, аммо биринчи бўлимда иккита зарбадан иккита гол ўтказиб юбориш — ёмон статистика. Агар офсайд қайд этилмаганида, балки учинчи гол ҳам бўларди — Дракслердан.

Бу фарқ майдоннинг нариги томонида Супермен режимини «ёққан» Кейлор Наваснинг фонида янада яққол кўзга ташланарди. Буни шунчаки бошқача таърифлаб бўлмайди, чунки танаффусга қадар «Бавария» зарбалар сони бўйича 15:2 (аниқ зарбалар бўйича 6:2) кўринишида устунлик қилди, мезбонлар бўлим давомида тўпга эгалик қилишда ҳам устун эди - 63 фоиз. Костарикалик дарвозабон собиқ жамоадоши Шупо-Мотингни боши берк кўчага тиқиб қўйди, мюнхенликлар жамоаси Левандовскининг жароҳати ва Гнабрининг коронавирусга чалиниши туфайли ҳужумда бошқа вариантга эга эмасди.

Тўғри, юқорида келтирилган маълумотлар амалда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас ва бу ўйиндан мантиқни излаш ҳам фойдасиз машғулотдир. Биринчи рақамли сабаб — икки клубдаги кадрлар масаласи эди. Баварияликлар протоколни тўлдира олишмади ҳам, «ПСЖ» таркиби ҳам идеал вазиятда бошқача кўриниш олган бўларди.

Танаффусга қадар уч футболчи алмаштирилиши ҳам ноодатий воқеа бўлди. Флик бу ўзгартиришлар орқали таянч яримҳимоядаги муаммоларни ҳал қилди ва Алабани олдинга чиқарди. Парижликлар жамоаси ҳимоясида ҳам ўзгариш қилишга тўғри келди, гол урганидан бир дақиқа ўтиб Маркиньос ўзини алмаштиришларини сўради. Парижликлар сардорсиз қолгач, жарима майдони ичида рақибнинг икки марта бош билан берган зарбасини ўтказиб юборишди. Одатда «Бавария» бундай вазиятда ҳар қандай рақибни буткул тор-мор этарди.

Аммо ҳозирда мюнхенликларнинг жамоавий жасорати Мбаппенинг илҳомидан кучсизроқ бўлиб чиқди. Яқин бурчакка гол уриш, тўпни Боатенгнинг оёқлари орасидан олиб ўтиш — унинг парвози баланд. Барселонадаги ҳет-трикдан кейин Килиан Мюнхенда дубль қайд этмоқда. Лекин бу ҳали якун эмас.

Парижликларнинг қасоси ҳали тугамади ва «Бавария» «Парк де Пренс»даги ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштак чалинмагунча таслим бўлмайди.

Мавзуга оид