Жамият | 11:52 / 08.04.2021
4545
2 дақиқада ўқилади

Нукусда бир гуруҳ фуқароларнинг норозилигига нима сабаб бўлгани маълум бўлди

Ижтимоий тармоқда Нукусда бир гуруҳ фуқаролар кўчага чиқиб, йўлни тўсиб қўйгани акс этган видео тарқалди. Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш учун масъуллар билан учрашди. Маълум бўлишича, воқеа бугун, 7 апрель куни Нукусдаги Қорақалпоғистон кўчасининг Қишлоқ қурилиш банк қаршисидаги қисмида юз берган. 4-сектор ҳудудидаги бир гуруҳ фуқаролар 13:30 лар атрофида йўлни тўсиб қўйишган. 

Нукус шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари Aман Мнажовнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, ҳолатга давлат томонидан бериладиган ёрдам пулларига боғлиқ маълумотларни базага киритишдаги навбат сабаб бўлган. Яъни, фуқароларнинг маълумотларини электрон базага киритишда ҳаддан ташқари навбат кўпайиб кетган. Бундан норози бўлган фуқаролар йўлни тўсиб олишган.

Аман Мнажовнинг айтишича, 4-сектор ҳудудида яшовчи фуқароларга тушунтириш берилиб, одамлар йўлдан олинган. Уларга шу вақтнинг ўзида барча хизматлар кўрсатилган.

Мнажовнинг қўшимча қилишича, одамлар орасида кимдир ҳужжатлар фақат 6-7 апрель кунлари базага киритилишини айтган. Шундан кейин, 200-300 одам ёппасига узун навбатни ҳосил қилган. Бириктирилган 2-3 та ходим эса табиий равишда маълумотларни базага киритишга улгурмаган. 

Нукус шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари нафақа ва ёрдам пулларини олиш учун маълумотларни базага киритиш ҳар ойнинг 16-санасигача давом этишини айтиб ўтди. Бу вақт мобайнида улар тўлиқ равишда барча жараёнларга улгуриши мумкин, дейди Аман Мнажов.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган фуқаролар эса олдин бундай тизим йўқлиги, барча жараёнлар маҳалла биносида амалга оширилишини айтди. Уларнинг сўзларига кўра, ҳар бир сектор ҳудудидаги бундай жараёнлар одамларга ноқулайлик туғдирмоқда. Секторга бириктирилган ходимлар эса минг ҳаракат қилса ҳам, маълумотларни киритишга улгура олмайди.

Мавзуга оид