Жаҳон | 16:46 / 10.04.2021
6408
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг «қора рўйхати»га Хитойнинг яна 7та компанияси қўшилди

АҚШ Савдо вазирлиги Хитой қуролли кучлари фойдаланадиган суперкомпютерларни яратишда қатнашганликда гумонлаб, Хитойнинг яна 7та компаниясини «қора рўйхат»га киритди.

Фото: АҚШ Савдо вазирлиги

АҚШ Савдо вазирлигининг Саноат ва хавфсизлик бюроси мамлакат миллий хавфсизлиги ёки ташқи сиёсий манфаатларига зид бўлган фаолиятни амалга оширишда гумон қилиб, Хитойниг 7 та суперкомпютер компанияларини «қора рўйхати»га қўшди.

  • Рўйхатга қуйидаги Хитой технологик компаниялари киритилган: Tianjin Phytium Information Technology, Shanghai High-Performance Integrated Circuit Design Center, Sunway Microelectronics, National Supercomputing Center Jinan, National Supercomputing Center Shenzhen, National Supercomputing Center Wuxi, va National Supercomputing Center Zhengzhou.

АҚШ расмийларининг ҳисоблашича, бу компаниялар Хитой қуролли кучлари фойдаланадиган суперкомпютерларни яратишда иштирок этмоқда. Шу билан бирга, тўпланган маълумотлар оммавий қирғин қуролларини яратиш дастурларида ишлатилиши тахмин қилиняпти.

«Суперкомпютерларнинг имконияти ядро ва гипертовушли қуроллар сингари миллий хавфсизлик тизимларини ривожлантириш учун жуда муҳимдир. Савдо вазирлиги ҳарбий модернизация ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва Хитойнинг АҚШ технологияларидан фойдаланишига йўл қўймаслик учун ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланади», дейилган вазирлик баёнотида.

2019 йил ёзида АҚШда Хитойнинг Huawei компанияси хитойлик ҳарбийлар билан боғлангани ва уларга алоқа ҳамда сунъий онг тизимларини ишлаб чиқишда ёрдам бериши маълум қилинган. Шундан кейин Пентагон Хитой армияси билан бевосита ёки билвосита ҳамкорлик қилувчи Хитой компаниялари рўйхатини туза бошлаган.

Дастлаб бу рўйхатга Huawei, видеокузатув тизимлари ишлаб чиқарувчи Hikvision компанияси, CRCC концерни ва яна 28та компания киритилган.

Шунингдек, АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп 2020 йил ноябрда америкаликларга Хитойнинг ҳарбий-саноат мажмуаси билан боғланган Хитой компанияларига сармоя киритишни тақиқлаганди.

Аввалроқ, АҚШ Мудофаа вазирлиги Хитой ҳарбий-саноат мажмуаси билан ҳамкорликда фаолият юритиши гумон қилинаётган компаниялар рўйхатини кенгайтирганди. Рўйхатга 9та компания киритилган. Улар орасида Хитой тижорат авиацияси корпорацияси ва Xiaomi компанияси ҳам борлиги хабар қилинганди.

Мавзуга оид