Жаҳон | 10:43 / 11.04.2021
5188
4 дақиқада ўқилади

11 апрелда бир неча давлатда президент сайловлари бўлиб ўтади 

11 апрелда Эквадор ва Африканинг икки давлати – Чад ва Бенинда президент сайловлари бўлиб ўтади.  

Эквадордаги сайловлар 

Эквадорда президент сайловларининг 2-босқичи бўлиб ўтади. 13 млндан кўпроқ эквадорликлар сайлов участкаларига келиб, 1-босқич ғолиблари – «Умид учун иттифоқ» коалицияси номзоди Андрес Араус ва собиқ банкир, «КРЕО ҳаракати» вакили Гильермо Лассодан бирини танлаши керак бўлади.

Энг кўп овоз тўплаган номзод мамлакатнинг янги президенти бўлади ва 24 майдан ўз лавозимини бажаришга киришади. Эквадор президенти 4 йиллик муддатга сайланади. 

Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича ўтказилган сўровномалар натижаларининг кўрсатишича, бирорта номзод 2-босқичнинг яққол фаворити ҳисобланмайди.  

Сайловларнинг 7 февралда ўтган 1-босқичида Араус 37,7 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. 

Мамлакатнинг амалдаги президенти Ленин Морено сайловларда иштирок этмасликка қарор қилган.

Бениндаги сайловлар 

Африканинг Бенин давлатида ҳам 11 апрел куни президент сайловлари бўлиб ўтади. Сайловлар аввалроқ ҳукуматга қарши ўтган намойишлар ортида таранг муҳитда ўтиши кутилмоқда. 

Президент сайловларида 3 номзод, жумладан, амалдаги президент Патрис Талон иштирок этади. 62 ёшли Талон иккинчи муддатга қайта сайланиши мумкин. Унинг ўзи сайловларнинг 1-босқичидаёқ ғалаба қозонишига ишонмоқда.  

Талонга парламентнинг собиқ депутатлари — Алассана Суману ва Корентин Кохуэ рақобатчилик қилади. 

Таъкидлаб ўтиш жоиз, 2016 йилда ҳокимият тепасига келган Талон мамлакатда бир қатор йирик иқтисодий ислоҳотларни амалга оширган. Улар Африка давлатида ишбилармонлик иқлими яхшиланишига ва давлат молияси жипслашувига олиб келган.  

Агар номзодлардан бирортаси 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплай олмаса, унда сайловларнинг 2-босқичи бўлиб ўтади. 

Бенин дунёнинг энг ночор давлатларидан бири ҳисобланади. Мамлакатнинг 38 фоиз аҳолиси ночорликда ҳаёт кечиради. Мамлакат иқтисодиётининг асосий тармоғи қишлоқ хўжалиги ва биринчи навбатда пахта етиштириш ҳисобланади.   

Чаддаги сайловлар  

11 апрелда Африканинг яна бир ночор давлатларидан бири – Чадда ҳам президент сайловлари ўтказилади. 

Президент лавозими учун 7 номзод, жумладан, мамлакатни 30 йилдан кўпроқ вақтдан бери бошқариб келаётган амалдаги президент, 68 ёшли Идрисс Деби Итно ҳам иштирок этади. Мамлакатда овоз бериш ҳуқуқига 7,4 млндан кўпроқ киши эга.  

Идрисс Деби Итно учун ушбу сайловлар 1990 йил охирида давлат тўнтаруви натижасида ҳокимият тепасига келгандан буён олтинчиси ҳисобланади. 2018 йилда мамлакатнинг янги конституцияси қабул қилиниб, у президент ҳокимиятини янада мустаҳкамлаган. Шу билан бирга, президент ваколтлари иккита 6 йиллик муддат билан чекланган. Янги конституция амалдаги президентга унинг аввалги муддатлари ҳисобга олинмаган ҳолда, 2033 йилгача сайланиш имконини беради.  

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Чад тарихида илк бор президент лавозими учун аёл киши кураш олиб боради.  

Агар номзодлардан бирортаси етарли овоз тўплай олмаса, 23 май куни сайловларнинг 2-босқичи бўлиб ўтади. 

16,4 млн кишилик Чад Африканинг энг ночор давлатларидан бири саналади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакатнинг 42 фоиз аҳолиси ночорликда яшайди. Мамлакат ночорликдан ташқари, халқаро террорчиликдан азият чекиб келади.     

Чад кўли атрофида «Ғарбий Африкада ИШИД» террорчи гуруҳи ҳаракат қилади. Террорчиларнинг асосий базалари Чад кўлининг жанубий ва жануби-ғарбий қисми – Нигерия, Чад, Камерун ва Нигер чегаралари туташадиган ҳудудда жойлашган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид