Иқтисодиёт | 14:28 / 11.04.2021
13764
4 дақиқада ўқилади

Солиқ қўмитаси айрим корхоналарни «шубҳали корхоналар» рўйхатидан чиқарди

Солиқ қўмитаси шубҳали корхоналар рўйхатидаги 4та корхонани рўйхатдан чиқарди. Ҳозирда уларнинг сони 574та қолди. Хўш, «шубҳали корхоналар» рўйхатига кириш мезонлари қандай? Корхона шубҳалилик рўйхатидан қандай чиқа олади? 

Aввалроқ Давлат солиқ қўмитаси «шубҳали корхоналар» билан кураш бошлагани маълум қилинган эди. Бунда ДСҚ биринчи босқичда 396та, иккинчи босқичда 129та ва учинчи босқичда 53та шубҳали корхонани аниқлаганди.

Маълум қилинишича, дастлабки босқичларда шубҳали деб топилган корхоналарнинг солиқ қонунчилигига риоя этиши бўйича ўтказилган солиқ текширувлари натижасида 4та корхонада «шубҳали» деб топилишига асос бўлган ҳолатлар тўлиқ бартараф этилгани сабабли улар рўйхатдан чиқарилди. Шу тариқа шубҳали корхоналар сони 574та бўлди.

Қандай мезонлар ДСҚнинг «шубҳали корхоналар» рўйхатига киришга асос бўлади?

– Таъсисчилигида (раҳбарлигида) рўйхатдан ўтган икки ва ундан ортиқ тадбиркорлик субъекти қисқа муддат (1 йил) фаолият юритган ҳолда 100,0 млн сўм ва ундан ортиқ солиқ мажбуриятини (солиқ қарзини) бажармаган ҳолатлар мавжудлиги;

– бир йил давомида уч ва ундан ортиқ ҳудудга юридик манзилини ўзгартириши;

– фаолият бошлаган даврдан бошлаб, қисқа муддатларда йирик миқдорда товар айланмасини амалга ошириб, расмий ишлаётган ходимлар сонини кам кўрсатиш;

– расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаши, улардан фойдаланиши ва реализация қилиши;

– харид қилинган товарлар (шу жумладан, импорт) реализация қилинмасдан, қолдиқда акс эттирилиши ва (ёки) товар қолдиғи мавжуд бўлган ҳолда қўшимча равишда айнан шу товарлар харид қилиниши;

– солиқ мажбуриятини бажармаган субъектларни ўзига қўшиб олиш натижасида банкротлик эълон қилиши;

– солиқ тўловчи томонидан қайд этилган манзил (бозорлар, савдо комплекслари ва бизнес марказлар бундан мустасно) бир нечта (уч ва ундан ортиқ) солиқ мажбуриятини бажармагани натижасида банкрот деб топилган, шунингдек, солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган бошқа солиқ тўловчилар томонидан кўрсатилган манзил билан мос келиши;

– ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, қалбаки ёки кўзбўямачилик учун битимлар тузиш (операциялар амалга ошириш) орқали солиқларни тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик фактлари аниқланганда;

– тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаларни камайтириш тарзидаги ҳуқуқни суиистеъмол қилган (шубҳали) корхоналар рўйхатига киритилган субъектлар билан бир неча марта (икки ва ундан ортиқ) операциялар амалга оширилиши.

Демак, корхона «шубҳали» деб топилиши учун юқоридаги асослар тўлиқ бартараф этилган тақдирда корхона шубҳалилик рўйхатидан чиқарилади (Рўйхат ҳозирда ДСҚнинг веб-саҳифасига жойланган). Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари «шубҳали корхоналар» рўйхатидан чиқарилган корхоналар билан операцияларни амалга оширишлари мумкин бўлади.

Ҳозирга қадар «шубҳали корхоналар» билан ҳамкорлик қилган контрагентлар томонидан ноқонуний ҳисобга олинган ҚҚС суммаси 1,2 трлн сўмдан зиёдни ташкил этмоқда.

Аввалроқ жорий йилнинг 1 майига қадар, «шубҳали» корхоналар контрагентлари асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бўйича ихтиёрий қайта ҳисобот топширган тақдирда мазкур корхоналар мансабдор шахслари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмаслиги маълум қилинган эди.

Шунингдек камерал солиқ текширувлари натижасида контрагентлар хатолари тасдиғини топган бўлса-да,  камчиликларини тан олган 567га яқин субъектга 68 млрд сўмлик бюджетга тўланиши лозим суммаларни жорий йил якунига қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашларига рухсат берилди.

Эксперт Юлий Юсупов ДСҚнинг обналчиларга қарши кураш бошлагани юзасидан ўз фикрларини билдириб, Солиқ қўмитаси хатти-ҳаракатларини соғлом фикр ва қонунни мазах қилиш дея баҳолаган эди.

Мавзуга оид