БМТ: Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишида давом этмоқда
Март ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи 2,1 фоизга кўтарилган. Нархлар ўсишининг энг юқори кўрсаткичлари ўсимлик ёғида кузатилиб, ушбу маҳсулот 8 фоизга қимматлашган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, март ойида дунёда яна озиқ-овқат нархларида ўсиш кузатилган. Бу тенденция кетма-кет 10 ойдан бери давом этмоқда. Бу ҳақда «Дунё» хабар бермоқда.
FAO кузатувларига кўра, март ойида энг оммабоп озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи жаҳон бозорида 2,1 фоизга кўтарилган. Бу 2014 йилнинг июнидан бери ушбу индекснинг энг юқори кўрсаткичи ҳисобланади.
Нархларнинг кўтарилиши ўсимлик ёғи нархларининг ўсиши билан бевосита алоқадор бўлиб, февраль ойига нисбатан ушбу маҳсулот 8 фоизга қимматлашган ва деярли 10 йиллик энг юқори кўрсаткични қайд қилган.
Соя ёғи нархи ҳам кескин ўсган, бунга қисман биодизел ишлаб чиқарувчилар томонидан кутилаётган катта талаб сабаб бўлгани айтилмоқда.
Шунингдек, сут маҳсулотлари нархи март ойи давомида 3,9 фоизга, гўшт нархлари индексининг ўртача кўрсаткичи 2,3 фоизга қимматлашган.
Шу билан бир қаторда, дон маҳсулотларининг ўртача кўрсаткичи 1,8 фоизга пасайган бўлса-да, бу ҳали ҳам 2020 йил март ойига нисбатан 26,5 фоизга юқори ҳисобланади.
Ўтган ойда шакар нархлари ҳам 4 фоизга арзонлашган. Бунга Ҳиндистондан экспорт ҳажмининг кутилаётган сезиларли ўсиши сабаб бўлган. Аммо нархлар ўтган йилга нисбатан 30 фоизга юқорилигича қолмоқда.
FAO таҳлилларига кўра, 2021 йилда дунёда дон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ортиши кутилмоқда. Европанинг кўп қисмида ишлаб чиқариш қайта тикланиб, Ҳиндистонда мўл-кўл ҳосил кутилаётгани сабабли буғдой ишлаб чиқариш энг юқори даражага кўтарилиб, 785 миллион тоннани ташкил этиши мумкин, бу ўтган йилга нисбатан 1,4 фоизга кўпдир.
Бундан ташқари, Хитойда чорвачилик сектори тикланаётгани сабаб дон маҳсулотларининг истеъмоли ортиши прогноз қилинмоқда.
Мавзуга оид
07:50 / 26.09.2023
FAO Ўзбекистонда чигирткага қарши курашиш учун махсус автомобиллар топширди
22:39 / 07.09.2023
Шавкат Мирзиёев FAO бош директори билан озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини муҳокама қилди
17:02 / 04.09.2020
БМТнинг қишлоқ хўжалигига доир лойиҳаси Ўзбекистонда ўтказилади
21:14 / 24.06.2019