Спорт | 11:55 / 12.04.2021
96198
1 дақиқада ўқилади

Равшан Эрматов янги лавозимга тайинланди

Бугун, 12 апрел куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида навбатдан ташқари сайлов йиғилиши ўтказилди. Кун тартибидаги асосий масала Миллий олимпия қўмитаси вице-президентлигига янги номзод сайлашдан иборат бўлди.

Йиғилишда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, спорт турлари бўйича федерация ва ассоциация ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Миллий олимпия қўмитаси вице-президентлигига Равшан Эрматов номзоди илгари сурилди. Кенгаш аъзолари томонидан Р.Эрматов номзоди бир овоздан маъқулланди ва сайланди.

Равшан Эрматов шу кунга қадар бир вақтнинг ўзида жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти лавозимларида ишлаб келаётган эди.

2021 йил 10 апрел куни президентнинг тегишли қарори асосида Равшан Эрматов жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Ундан олдинроқ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилган, Азиз Абдуҳакимов бош вазир ўринбосари - туризм ва спорт вазири лавозимига тасдиқланганди.

Мавзуга оид