Жаҳон | 21:53 / 14.04.2021
27811
2 дақиқада ўқилади

Кличко уруш хавфи сабабли украиналикларга мурожаат билан чиқди

Виталий Кличко украинларни қўрқмасликка ва бирлашишга чақирди.

Фото: Facebook / Кличко - мер

Киев мэри ва Украина шаҳарлари ассоциацияси раиси Виталий Кличко Россия тажовузи сабабли украиналикларга мурожаат билан чиқди. Кличконинг видеомурожаати унинг Facebook саҳифасида жойлаштирилди.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, украинлар қўрқмаслиги лозим.

"Бугун душман ўз қўшинларини давлатимиз чегарасига олиб келди. У украиналиклар орасида қўрқув ва ваҳима уйғотишга уринмоқда. Украина шаҳарлари ассоциацияси ҳар бир украиналикка мурожаат қилади: қўрқманг! Текширилмаган ахборотга ишонманг ва уни тарқатманг. Биз ўз еримиздамиз. Ҳақиқат биз тарафда, шунинг учун бутун дунё бизни қўллаб-қувватламоқда", - дея Кличконинг сўзларидан иқтибос келтиради "Гордон" нашри.

У барчани бирлашишга чақирди.

"Биз Украина армиясининг кучига ишонамиз. Биз украиналик дипломатларга ишонамиз. Бугун бирлашиш вақти. Тик туриш учун бирлашадиган вақт. Ғалаба қозониш учун бирлашадиган вақт", - деди Кличко.

30 март куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Руслан Хомчак Россия Украина билан чегара ва Қримда қўшинлари сонини ошираётганини айтганди.

Охирги пайтда Донбассдаги вазият кескинлашаётгани боис АҚШнинг Европадаги қўшинлари қўмондонлиги юқори даражадаги тайёргарлик ҳолатини эълон қилди.

Мавзуга оид